Спорт: "Духоба йўл" совриндорлари аниқланди
Пойтахтимизда спорт гимнастикаси бўйича 10 дан зиёд давлатнинг маҳоратли спортчилари иштирокида "Духоба йўл" халқаро турнири бўлиб ўтди.
Бир ҳафта давом этган баҳсларда маҳоратли гимнастикачилар спорт гимнастикасининг турли йўналишларида совринли ўринлар учун кураш олиб борди.
Ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасидаги муросасиз баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Бекзод Бахтиёров, Алишер Байсаров, Сайфали Хўжаев, Ахрорхон Темирхонов, Элбрус Жўраев, Асадбек Аъзамов, Аслия Абдуқодирова, Солиҳа Турсунбоева, Александра Шевченко сингари маҳорат эгалари Россия, Арманистон, Қозоғистон, Беларусь каби давлатларнинг кучли атлетлари билан курашларда совринли ўринларни қўлга киритди.
Ўзбекистон волейбол федерацияси мутахассислари Доминиканда
Доминикан Республикасининг Пунта-Кана шаҳрида ўтказилган Халқаро волейбол федерациясининг 40-Жаҳон конгрессида Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиев иштирок этиб, мамлакатимизда волейболни янги босқичга олиб чиқиш, нуфузли халқаро мусобақаларни юртимизда ўтказиш имкониятларини кенгайтириш борасида бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистонлик мутахассислар конгресс давомида Хитой, Австралия, Янги Зеландия, Словения, Бразилия ва бошқа давлатларнинг миллий федерациялари билан соҳил волейболи бўйича ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, мураббийлар тайёрлаш, спортчиларнинг маҳорат даражасини ошириш бўйича келишувларга эришди.
Оғир атлетикачиларимиз ШҲТ кубогида 6 та медалли бўлди
Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) очиқ кубогининг оғир атлетика баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 6 та медални қўлга киритди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига дахлдор 10 дан зиёд давлатнинг маҳоратли оғир атлетикачилари билан баҳсларда ўз иқтидорини намойиш этган спортчиларимиз 5 та олтин ва 1 та кумуш медални қўлга киритди.
Шиддатли баҳсларда оғир атлетикачиларимиздан Рушания Камзина, Шаҳлохон Абдуллаева, Нигора Сувонова, Ҳикматилло Ҳайдаров, Омадилло Олимов олтин медалларга эгалик қилган бўлса, Асилбек Юсупов кумуш медаль соҳибига айланди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА