Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги Тўдакўл дам олиш масканида жойлашган Халқаро шахмат мактабида Ўзбекистон чемпионати (олий лига) баҳслари бошланди.
Чемпионат бошланиш аввалида вилоятда фаолият юритаётган ОАВ вакиллари, журналист, блогерлар ҳамда матбуот котиблари учун пресс-тур ташкил этилди.
Президентимиз ташаббуси билан бунёд бўлган шахмат мактаби юртимизда мазкур спорт турини оммалаштиришга қаратилган қадамлардан бири бўлди, десак муболаға эмас. 100 ўринга мўлжалланган ушбу мактаб лойиҳаси жаҳондаги етук шахмат мактаблари тажрибаси ўрганилган ҳолда бунёд этилган.
[gallery-22923]
Халқаро шахмат мактаби замонавий ахборот коммуникация технологиялари асосида сўнгги русумдаги компьютер ва интерактив доскалар билан жиҳозланган.
Бу маскан халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўриш, қолаверса, мамлакатимизда бўлиб ўтадиган йирик спорт тадбирларини қабул қилиш ва барча чемпионатларни ўтказиш салоҳиятига эга. Таъкидлаш ўринлики, шахматчиларимиз 2026 йилда юртимизда ўтказилиши режалаштирилган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига ҳам айнан шу ерда тайёргарлик кўриши белгиланган.
Пресс-тур сўнггида Ўзбекистон чемпионати (олий лига) баҳсларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Халқаро шахмат Академияси директори Комил Синдаров ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Умиджон Баҳромов иштирок этиб, аёллар ва эркаклар ўртасида ўтказилаётган мусобақа тартиби ҳамда иштирокчилари билан таништириб ўтди.
Чемпионат баҳслари 28 апрелга қадар давом этади. Унда 32 нафар шахматчи ўзаро куч синашади.
Матбуот анжумани давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари