Тошкентда фахрий шахматчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланди
Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида 50 ёшдан ошган эркак ва аёл шахматчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионатига старт берилди.
Мусобақанинг биринчи тур баҳслари олдидан ташкил этилган тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон шахмат федерацияси мутасаддилари, фахрий шахматчилар ва спорт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдаров мамлакатимизда шахмат спорт турини ривожлантириш, уни аҳоли ўртасида кенг оммалаштириш ва ҳудудларда шахмат инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Шунингдек, шахматни ривожлантиришда фахрий спортчиларнинг тажрибаси, уларнинг ёш авлодга ўрнак бўлиши ҳамда турли авлод вакиллари ўртасидаги спорт анъаналарини мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Очилиш маросими давомида фахрий шахматчиларнинг савол ва таклифлари тингланиб, улар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
[gallery-32013]
Чемпионат баҳслари швейцар тизимида, 9 тур давомида ўтказилади. Иштирокчилар ҳар бир учрашувда ўзларининг бой тажрибаси, мантиқий фикрлаши ва стратегик маҳоратини намойиш этади.
Мазкур мусобақа фахрий шахматчиларнинг спортга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ва мамлакатимизда шахматни янада оммалаштиришга хизмат қилади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА