Наманган костюмлари хорижда
Наманган вилоятидаги “Истиқлол”, “Ифтихор кийим саноат”, “Замин люкс текстиль”, “Текстиль либос”, “Фахр текстиль савдо”, “Рауф Азиз”, “Моҳинур либослари”, “Наманган кийим саноати”, “Сўғдиёна файз текстиль” сингари 40 га яқин корхонада юқори сифатли, хушбичим, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп костюмлар ишлаб чиқарилмоқда.
Наманган вилоятидаги “Истиқлол”, “Ифтихор кийим саноат”, “Замин люкс текстиль”, “Текстиль либос”, “Фахр текстиль савдо”, “Рауф Азиз”, “Моҳинур либослари”, “Наманган кийим саноати”, “Сўғдиёна файз текстиль” сингари 40 га яқин корхонада юқори сифатли, хушбичим, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп костюмлар ишлаб чиқарилмоқда.Наманган шаҳрида фаолият юритаётган “Люкс плюс сервис” масъулияти чекланган жамияти Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилаётган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда барқарор ривожланишга эришаётир.
Эркаклар ва болалар костюмлари, пиджак, куртка ва пальтолар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона бозорнинг талаб-таклифлари асосида иш юритиб, қисқа вақтда экспортчилар сафидан жой олди. Ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга кенгайиб, маҳсулот тури ва сифати ошмоқда. 2009 йилда 300 миллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 42 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич тегишли равишда 5 миллиард 200 миллион сўм ва 327 минг долларга етди. Жорий йилнинг биринчи чорагида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллиард 740 минг сўм, экспорт ҳажми 80 минг долларни ташкил этди. Бунда корхонада босқичма-босқич амалга оширилган модернизация ишлари муҳим омил бўлмоқда.
– Маҳсулотларимиз қатор хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда, – дейди “Люкс плюс сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тоҳиржон Жўраев. – Айни пайтда маҳсулотимизга қизиқиш билдираётган бошқа давлатлар билан ҳам шартномалар тузилмоқда. Йил якунига қадар экспорт ҳажмини 200 минг долларга етказишни режалаштирганмиз.
Корхонада ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот турини кенгайтиришга қаратилган янги лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Президентимизнинг 2015 йил 24 ноябрдаги “2016-2019 йилларда Наманган вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида корхона ўз маблағи ҳисобидан қиймати 1 миллион 384 минг долларга тенг янги лойиҳани амалга ошириш арафасида. Янги ишлаб чиқариш цехи учун бино қуриб битказилди. Айни пайтда Япония ва Туркиядан қарийб 90 минг долларлик замонавий тикув дастгоҳлари ва технологияларини келтириш устида иш олиб борилмоқда. Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги байрами арафасида ишга туширилиши мўлжалланган ушбу лойиҳа 150 ишчи меҳнат қилаётган корхонада қўшимча 50 янги иш ўрни яратиш имконини беради.
“Люкс плюс сервис” масъулияти чекланган жамиятида “Vakkoni” савдо белгиси билан тайёрланаётган хушбичим, юқори сифатли костюмларнинг жаҳон бозорида харидори ортиб бораётгани корхона жамоасини янги режалар, бизнес лойиҳалар устида изланишга ундамоқда.