Давлатимиз раҳбарининг йил якунида Парламентга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим ва устувор йўналишларини белгилаб берди.
Таъкидлаш жоизки, чуқур таҳлил, долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган ушбу Мурожаатнома барча соҳа вакиллари учун муҳим йўриқнома вазифасини ўтайди.
Президентимизнинг маҳалла ва оилаларни, хотин-қизларни янада қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида аҳамият қаратаётгани биз учун, ушбу тизим вакиллари учун алоҳида ғурур ва ифтихор бахш этиш билан бирга зиммамизга жуда катта масъулият юклайди.
Давлатимиз раҳбари: “Маҳалла - ёруғ юзимиз ва виждонимиз кўзгуси”, деб таъкидлаганлари бежизга эмас. Дарҳақиқат, одамлар ислоҳотларда фаол иштирок этишлари, Давлат ва жамият ҳаётига, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашлари учун аввало, маҳалла уйғоқ ва сергак бўлиши керак. Маҳалла - одамлар умид ва ишонч, ҳурмат билан борадиган, ҳар қандай саволга жавоб, ҳар қандай масалага ечим топиладиган даргоҳ бўлиши лозим.
Мурожаатномада барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижа қилиши шарт ва зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, маҳалла раиси ва унинг ўринбосарларининг ваколатлари аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш имконини бериш даражасида кенгайтирилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллада ишлаётган малакали ва ташаббускор кадрларни, давлат идораларига раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизимини йўлга қўйиш таклифи берилгани бу тизимда фаолият олиб бораётганларга алоҳида ишонч ва эътирофдан далолатдир.
Маҳалла ва оила тизимига эътиборни Давлат сиёсати даражасига кўтарилиши, Президентимиз ўз Мурожаатномасида бу йўналишдаги устувор вазифаларни алоҳида қайд этиши замирида жуда катта эзгу мақсад мужассам.
Маълумки, дунёда юз берадиган ҳар қандай ўзгаришлар ўз таъсирини дастлаб оила муҳитида намоён этади. Айниқса, дунёда глобаллашув жараёнларининг фаоллашуви, маънавият ва ахлоқий тарбияда ғарб маънавиятига хос бўлган иллатларнинг кучайиши ҳаётимизнинг барча жабҳаларига, хусусан, оила муҳитига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Инсон қалбидаги соф ва эзгу туйғулар, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлар, аввало, оила муҳитида шаклланади. Дарҳақиқат, оила барча ислоҳотлар, ўзгаришлар, таназзул ва тараққиётларнинг ибтидоси ва интиҳоси ҳисобланади.
“Оила” тушунчасининг маъносида бунёдкорлик ҳисси, жамиятни мустаҳкамлаш вазифаси, мамлакат равнақи ва умумбашарий келажак каби тимсол, рамзий маънолар мужассамдир.
Маҳалла ва оила тизимига берилаётган ваколатлар эндиликда ёшларимиз ва хотин-қизларимизнинг ҳаёти ва фаолиятига оид кўплаб масалаларига тезкор ечим топиш имконини беради.
Шунингдек, хотин-қизларимизнинг маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлардаги иштирокини фаоллаштириш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, Гендер тенглигини таъминлаш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш каби устувор вазифалар янада самарали амалга оширилади.
2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилиши кенг жамоатчилик, халқимиз томонидан қувонч билан қарши олинди.
Аслида ҳам инсон учун ҳаётда фарзандлар бахт-у камолини кўриш ва саломатликдан ортиқроқ неъмат йўқ. Мурожаатномада Давлатимиз раҳбари ёшлар тақдири учун куюнчаклик билан ёндашиб, уларнинг истеъдодларини, орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун имкониятлар эшигини янада кенг очиб бердилар. Яратилаётган ҳар бир имконият, ҳар бир имтиёз бир оиланинг бахтига, фаровонлигига хизмат қилади.
Ишонч билан айта оламанки, ушбу Мурожаатнома барчамиз учун, шу жумладан, маҳалла ва оила тизими вакиллари учун асосий Дастуруламалга айланади. Унда қайд этилган устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш - ҳар биримизнинг қатъий бурч ва масъулиятимизга айланмоғи шарт.
Зеро, ушбу Мурожаатнома замирида халқимиз манфаати, оилалар фаровонлиги, ҳар бир ёш, ҳар бир хотин-қизнинг бахтли ҳаётда яшашини кафолатлашдек энг улуғ ва олий мақсадлар мужассам.
Озода ПАРПИБОЕВА,
Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани
қўллаб-қувватлаш бошқармаси
раҳбарининг биринчи ўринбосари