Муносабат
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатномаси жамиятимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олиниб, чуқур эътибор билан тингланди. Сўнгги йилларда Мурожаатнома йўллаш анъанага айланиб, у мамлакатни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берувчи муҳим сиёсий ва стратегик ҳужжат сифатида қарор топди.

Мурожаатнома, аввало, давлат ва жамиятни ташвишга солаётган энг долзарб масалаларга тизимли ечимлар таклиф этилиши билан аҳамиятлидир. Унда нафақат ҳозирги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, балки келгусидаги ривожланиш йўналишлари, аниқ мақсадлар ва уларга эришиш механизмлари белгилаб берилади. Энг муҳими, “Қандай натижага эришамиз?” ва “Бу натижалар фуқаролар ҳаётида қандай акс этади?” деган саволларга амалий жавоблар тақдим этилади.
Шу жиҳатдан Мурожаатнома стратегик аҳамиятга эга бўлган дастурий ҳужжат ҳисобланади. Чунки унда илгари сурилган ташаббус ва ғоялар кейинчалик қабул қилинадиган давлат дастурлари, тармоқ ва ҳудудий стратегияларда ўз ифодасини топади ҳамда амалий ижро учун асос бўлиб хизмат қилади.
Бу йилги Мурожаатномада ҳам энг муҳим ва ҳаётий масалаларга алоҳида урғу берилди. Хусусан, олиб борилаётган ислоҳотлар жамиятнинг ҳар бир аъзоси томонидан кундалик ҳаётда бевосита сезилиши лозимлиги таъкидланди. Давлат раҳбари жойларда, айниқса, маҳаллаларда инфратузилмани тубдан яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Йўлларнинг созлиги, сифатли ичимлик суви таъминоти, обод ва қулай яшаш муҳити айнан маҳаллаларда таъминлангандагина фуқаролар давлат органлари фаолиятига реал баҳо бера олиши қайд этилди.
Ана шу ёндашувдан келиб чиқиб, 2026 йилни – Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили, деб эълон қилиш ташаббуси илгари сурилди. Бу қарор ислоҳотларни энг қуйи бўғин – инсон яшайдиган ва кундалик ҳаёт кечирадиган ҳудудларда жадаллаштиришга қаратилган бўлиб, “инсон манфаатлари – давлат сиёсатининг марказида” деган тамойилнинг амалий ифодасидир.
Мурожаатномада катта ва узоқ муддатли мақсадлар ҳам илгари сурилди. Жумладан, Ўзбекистоннинг келажакда ўз космонавтларини коинотга учириш нияти борлиги қайд этилди. Бу ташаббус мамлакатда илм-фан, таълим, технология ва инновациялар соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ва рамзий натижаси сифатида эътироф этилиши мумкин.
Шунингдек, давлат бошқарувини такомиллаштириш масалалари ҳам Мурожаатноманинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Давлат бошқарувини халққа янада яқинлаштириш, давлат хизматларини қулай ва тезкор қилиш, рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш, коррупция хавфи олдини олиш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилиши таъкидланди. Бу эса давлат аппарати самарадорлигини ошириш ва фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, давлатнинг очиқлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам давом эттирилиши алоҳида қайд этилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик тузилмалари ва фуқароларнинг фаол иштироки давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда муҳим омил сифатида қаралаётгани Мурожаатномада яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Хулоса қилиб айтганда, Президент Мурожаатномаси мамлакатимиз тараққиётининг навбатдаги босқичига пухта тайёргарлик кўришга қаратилган, аниқ мақсадлар ва реал механизмларга асосланган стратегик ҳужжатдир. У ислоҳотларнинг мазмунини янада чуқурлаштириб, уларни ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётига яқинлаштиришга хизмат қилади.
Элдор ТУЛЯКОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
ижрочи директори.
ЎзА