Моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди
Сирдарё вилоятида Рамазон ойи муносабати билан аҳолига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш ва уларнинг муаммоларига эътибор қаратишга қаратилган бир қатор хайрли тадбирлар ташкил этилди.
Ушбу хайрли ташаббус Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” ҳаракати, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сирдарё вилояти бўлинмалари ҳамда “Соғлом авлод учун” хайрия фонди ва Адлия бошқармаси ҳамкорлигида амалга оширилди. Бу ҳамкорлик маҳаллаларда ижтимоий ёрдамнинг самарали ва ўз вақтида етказилишини таъминлади.


Жумладан, Гулистон туманидаги Юлдуз маҳалласи, Гулистон шаҳридаги Баҳор маҳалласи ва Мирзаобод туманидаги Тошкент маҳалласида 33 та оилага кирилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.
Хусусан, Юлдуз, Баҳор ва Маданият маҳаллаларида яшовчи, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож 15 та оилага озиқ-овқат жамланмалари тақдим этилди. Бу оилаларга нафақат моддий ёрдам берилди, балки уларнинг мурожаатлари эшитилди.


Шу билан бирга, Тошкент маҳалласида кам таъминланган 8 та оилага кийим-кечак ва зарур моддий ёрдам тақдим этилди. Бу хайрли ишлар маҳалла аҳли, жамоат ташкилотлари ва фондлар ҳамкорлигида амалга оширилиб, аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамнинг ҳаққоний ва самарали бўлишига хизмат қилди.
– Ушбу хайрли ташаббуслар нафақат эҳтиёжманд оилаларнинг кундалик эҳтиёжларини қоплайди, балки Рамазон ойининг маънавий аҳамиятини оширади, аҳиллик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Сирдарё вилояти ҳудудий филиали бошлиғи, шаҳар Кенгаши депутати Юлдуз Усмонова.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири