Сурхондарёда 88 мингдан ортиқ оилага ижтимоий кўмак кўрсатилади
Куз-қиш мавсумида эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, энергия ресурслари учун тўловлар билан боғлиқ харажатларни енгиллаштириш ҳамда муносиб турмуш шароитини яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 октябрдаги «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Сурхондарё вилоятида 88 мингдан ортиқ оилага кўмак бериш учун 88 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Фармон ижроси доирасида Ижтимоий реестрга киритилган оилалар, даромади белгиланган мезонларга мос келувчи эҳтиёжманд хонадонлар, ёлғиз кексалар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳамда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, белгиланган мезонларга мувофиқ келувчи хонадонларга 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ажратиш, электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун компенсация тўлаш, кўмир хариди билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш белгиланган.
[gallery-32662]
Шунингдек, аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида уй-жойларнинг иссиқлик изоляциясини яхшилаш, энергия тежамкор ускуналар, қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.
Айни кунларда маҳалла еттилиги томонидан хонадонларнинг ижтимоий аҳволи ўрганилиб, кўмакка муҳтож фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар аҳолининг қиш мавсумини беталафот ўтказиши, оила бюджетига тушадиган молиявий юкни камайтириш ҳамда ижтимоий ҳимоя самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат+видео), ЎзА