Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги билан ҳамкорликда 10 август куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали овозли чат ташкил этилди.
Реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси бош мутахассиси Саидбобурхон Жўраев ҳамда Ижтимоий ва молиявий хизматлар, шунингдек, алоқа хизматлари соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси Бош мутахассиси Шаҳбоз Зариповлар иштирок этиб, «Алоқа хизмати ва реклама фаолиятида учраётган муаммоли ҳолатлар» юзасидан берилган саволларга жавоб беришди.
Овозли чатнинг матн ҳамда видеоҳавола шаклини тақдим этамиз.
— Бугун истеъмолчиларни энг кўп қийнаётган муаммолардан бири, бу – алоқа тизими билан боғлиқ ҳолат. Айтингчи, бугун интернет тармоғида мобил алоқа хизматидаги техник носозликлар юзасидан истеъмолчилар қаерга мурожаат қилишлари керак?
— Ҳозирги кунда алоқа хизматларида кузатилаётган муаммолар бўйича агентлигимизга йил бошидан буён 608 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Ўзбекистон Республикасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида махсус ваколатли орган сифатида бизни агентлигимиз белгиланган бўлсада, биз билан ҳамкор ташкилотлар мавжуд.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ва Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекция (Ўзкомназорат), электромагнит мослашув маркази давлат унитар корхонаси бу соҳада ваколатли ташкилотлар ҳисобланади. Алоқа сифатлари бўйича муаммо ёки тушунмовчилик юзага келган тақдирда истеъмолчи энг аввало ўзи мижоз бўлган мобил алоқа операторига мурожаат қилиши керак. Улар билан мулоқот жараёнида муаммо ҳал этилмаса, юқорида айтилган ваколатли органларга мурожаат қилса, вазият бартараф этилади.
— Мобил операторлар билан ҳисоб-китоб қилиш жараёнлари қай тартибда амалга оширилади? Мисол учун, мен уйимдаги вай-файга бир ойда 100 минг сўм пул тўлайман. Қишлоқда яшовчилар ҳам шунча пул тўлашади. Аммо алоқа бир хил эмас. Бу ерда истеъмолчининг ҳуқуқи бузилиш ҳолатлари юзага келяпти. Бундай вазиятларда истеъмолчи қандай йўл тутиши керак?
— Мобил оператори истеъмолчилар билан белгиланадиган шартномасида фуқаро ўзи яшаётган манзил уйининг ичидаги, яшаётган муҳитидан келиб чиқиб, алоқа сифатига таъсир кўрсатадиган ҳолатлар бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Алоқа сифати ёмонлашса, мобил оператор жавобгар эмас.
Қачонки компаниянинг сиз яшаётган ҳудудда тўсатдан 3-4 кун техник хатоликлар туфайли алоқа сифати бузилса ёки умуман алоқа бўлмай қолган ҳолатда компания истеъмолчига ишламаган кунлари учун пулини қайта ҳисоб-китоб қилиб бериши керак.
— Алоқа хизматининг сифатсизлиги бўйича истеъмолчилардан тушган мурожаатларнинг қанчаси бартараф этилди?
— Йил бошидан буён агентлигимизга алоқа хизматлари бўйича 608 дан зиёд мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг аксарият қисми қаноатлантирилган ҳолда ҳал этилган. Баъзи ҳолатларда компанияга боғлиқ бўлмаган, унинг ҳуқуқига тегишли қисмлар бўлади. Алоқа хизматларидаги таъриф нархлари, яъни нега бунақа қиммат деган мазмундаги мурожаатлар ҳам келиб тушади. Бундай ҳолатда тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонуннинг 8-моддасига кўра, мобил алоқа операторлари ҳам тадбиркор сифатида хизматларига нархни ўзлари мустақил белгилаш ҳуқуқига эга. Ташқаридан туриб давлат ёки ҳокимият органи ходимлари аралашуви тақиқланган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/yXiFKUFKli8" title="Мобил алокадаги носозликлар учун компания мижозлар пулини кайтариши керак" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, Ё. Мелибоев (видео), ЎзА