Сенат ялпи мажлисида кун тартибидаги асосий масалаларни кўриб чиқишдан олдин сенаторлар томонидан одамларни қийнаб келаётган муаммоли масалаларга эътибор қаратилди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов ялпи мажлисларда аҳолини ташвишга солаётган муаммоли масалаларнинг кўтарилаётгани муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Энг муҳими, улар ечимига Ҳукумат, масъул вазирлик ва идоралар эътибор қаратмоқда. Бироқ, бундай масалаларнинг сезиларли даражада камаймаётгани, масъуллар эса, то жамоатчилик бонг урмагунча, уларга эътибор қаратмаётгани ташвишли.

– Мана яна бир мисол: кейинги пайтда мобил алоқа операторлари томонидан абонентларнинг розилигисиз, хабардорлигисиз пуллик СМС ва хизматларга уларни автоматик тарзда улаш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда, – деди Қ.Бурхонов. – Оқибатда фуқаролар ҳисобидан уларнинг розилигисиз маблағ ечиб олиняпти. Шу боис, қўмитамиз пуллик СМС ва хизматларга автоматик тарзда улаш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ва бунга шарт-шароит яратаётган омилларни дастлабки тарзда ўрганиб чиқди. Маълум бўлдики, 2025 йил 1 январь ҳолатига мобил алоқа абонентлари сони 36 миллион нафардан ортган. Бу абонентларга юқорида қайд этилган пуллик хизматлар мобил алоқа операторлари томонидан эмас, балки контент провайдерлар томонидан кўрсатилади ва уларнинг сони ҳозирда 100 дан ошиб кетган. Аксарият контент провайдерларнинг хизматлари телекоммуникация компаниялари билан тузилган ҳамкорлик шартномаларига асосан кўрсатилмоқда. Бироқ, амалда бу шартномалар учун ҳақ абонентнинг телефон рақамидаги ҳисоб-рақамидан унинг розилигисиз ечилади. Энг қизиғи, бир маротаба хизматга уланиб қолган абонентдан ҳар кунлик, ҳар ойлик маблағлар асосий ҳисобдан ечиб олинмоқда.
Ўрганиш натижасида шундай хулосага келинганки, контент хизматига уланиш жуда осон, хизматни бекор қилиш эса, жуда мураккаб жараён бўлиб қолаётгани маълум бўлган. Бундан ташқари, ҳозирда фойдаланувчиларга контент провайдерлари томонидан тақдим этилаётган хизматлар йўналишини тартибга солувчи алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги аниқланган.
Шу билан бирга, мобил алоқа абонентларига бериладиган лицензия талаб ва шартларида ҳам контент провайдерлар учун алоҳида банд киритилмаган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига 2024 йилда истеъмолчилардан мобил алоқа хизматлари билан боғлиқ масалаларга тегишли 1 минг 199 мурожаат келиб тушган. Уларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига 683,2 миллион сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.
– Энди савол туғилади, ҳуқуқий бўшлиқлар ёки бошқа сабаблар оқибатида одамлар, яъни, абонентлар кўраётган зарарлар учун ким жавоб бериши керак? Бизнингча, бу муаммога Ҳукумат даражасида ечим топиш лозим. Акс ҳолда, гўёки арзимасдек туюлган, аммо, фуқароларнинг миллиардлаб сўм пулини уларнинг ихтиёрисиз кўрсатиладиган хизматлар учун сўрамай-нетмай олиб қўявериш катта муаммога айланиб, қонунбузарликларга янада кенг йўл очади. Чунки, такрор айтаман, бундай муаммолар аҳолининг кайфиятига салбий таъсир қилади. Шу боис, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишда қўмитамиз ҳам мутасаддилар билан бирга ишлашга тайёр эканини билдираман, – деди Қ.Бурхонов.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА