Миллий тарбия ва замонавий педагогик ёндашувлар уйғунлиги
Жиззах шаҳридаги 12-давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Мамлакат Эрматова жорий йил март ойида Хитойда, ноябрь ойида эса Чехияда ўтказилган халқаро анжуманларда ўзбек миллий қўғирчоқлари орқали миллий тарбия тажрибасини хорижлик ҳамкасбларига намойиш этди. Мамлакат Эрматова таълим соҳасида ўзига хос йўналишда олиб бораётган ишлари ҳамда сафар давомида олган тажриба ва таассуротлари ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Миллий қўғирчоқлар ясашга қизиқишим болаликдан бошланган. Кейинчалик бу қизиқиш педагогик фаолиятим билан уйғунлашди. Қўғирчоқлар ва халқ эртаклари орқали болаларга миллий қадриятларни танитишга киришдим. Ушбу усулда эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳурмат тушунчаларига алоҳида эътибор қаратдим.

Жорий йил март ойида Хитойда ўтказилган халқаро илмий конференцияда иштирок этиб, Ўзбекистон мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳақида миллий тарбия усуллари ва ўзим яратган қўғирчоқлардан фойдаланиш тажрибамни ҳам тақдим этдим. Хорижлик иштирокчилар ўзбекона методикага алоҳида қизиқиш билдирди. Миллий қўғирчоқлар ёрдамида таълим-тарбия бериш усули уларда катта таассурот қолдирди. Айрим мутахассислар ушбу тажрибани ўз мамлакатларида ҳам қўллаш истагини билдирди. Бу эса миллий қадриятларга асосланган педагогик ёндашувлар халқаро миқёсда ҳам қизиқиш уйғотишини кўрсатди.


Ноябрь ойида Прага шаҳридаги Карлов университетида ўқув машғулотида иштирок этдим. Унда профессорлар Камила Веверкова ва Ноэми Бравена машғулотларни назария ҳамда амалиёт уйғунлигида ташкил этди. Унда Чехия мактабгача таълим тизими, қиёсий педагогика ва замонавий методикалар, болалар билан ишлашнинг самарали усуллари амалий мисоллар асосида ўрганилди. Бу машғулот касбий билимларимни бойитиш билан бирга, янги ёндашувларни таҳлил қилиш имконини берди.
Чехия тажрибасида болаларнинг мустақиллиги ва табиат билан мулоқотига алоҳида эътибор қаратилади. Ўйин орқали таълим бериш ҳам муҳим ўрин тутади. Италияда эса ижодий фаолият ва оила билан ҳамкорлик устувор аҳамият касб этади. Расм, мусиқа ва қўл меҳнати болалар қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилади.


Хорижий сафарлардан мақсад фақат бошқа мамлакатлар тажрибасини кузатиш эмас. Уларнинг самарали жиҳатларини ўзлаштириш ҳам муҳим вазифадир. Айниқса, болалар мустақиллигини рағбатлантириш, ўйинга асосланган таълим ва ижодий машғулотларни такомиллаштиришга эътибор қаратмоқчиман. Бироқ ҳар қандай янгилик миллий менталитет ва тарбия анъаналарига мос бўлиши керак.
Раҳбарлигим остидаги Жиззах шаҳридаги 12-давлат мактабгача таълим ташкилотида бу борада муайян тажриба тўпланган. Муассасага раҳбарликни бошлаганимда бино қаровсиз ҳолатга келиб қолган эди. Илгари пахта мавсумида вақтинчалик боғча сифатида фойдаланилган масканни қайта тиклашга киришдик.


Жамоамиз билан бинода ободонлаштириш ва зарур таълим муҳитини яратиш ишларини бажардик. Дастлаб хоналарни безаш учун турли буюмларни ўзимиз тайёрладик. Кейин бу ташаббус болалар иштирокидаги ижодий машғулотларга айланди. Қўл меҳнати орқали уларнинг яратувчанлиги ва мустақиллигини ривожлантиришга ҳаракат қилдик.
Бугун мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам айнан шундай сифат ўзгаришларини талаб этмоқда. Мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотлар Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан янги босқичга кўтарилди. Унда “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини ташкил этиш назарда тутилган. Ўйинга асосланган таълимни жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.


Бу вазифалар ижроси, аввало, педагог кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 июндаги қарори ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Ҳужжатда халқаро тажриба асосида бакалаврлар тайёрлаш тизими белгиланган. Жумладан, амалдаги педагоглар учун дуал таълим механизмлари жорий этилмоқда. Бу назарий билимларни бевосита иш тажрибаси билан мустаҳкамлаш имконини беради.
Хорижда кўрган ва ўрганганларимни муассасамиз фаолиятига босқичма-босқич татбиқ этиш ниятим бор. Бунда миллий қўғирчоқлар ва халқ эртаклари орқали тарбиялаш усулини янада бойитишни мақсад қилганман. Шунингдек, хорижий тажрибадаги бола мустақиллиги, ижодкорлиги ва оила билан ҳамкорликка оид самарали ёндашувлардан фойдаланмоқчиман.

Зеро, замонавий таълим миллий ўзликдан узилмаслиги керак. Аксинча, илғор хорижий тажриба миллий қадриятлар билан уйғунлашганда, унинг амалий самараси ортади. Ўзбек миллий қўғирчоқлари орқали хорижда намойиш этилган тажриба ҳам шу фикрни тасдиқлайди. Миллий тарбия ва замонавий педагогик ёндашувлар уйғунлиги келажак авлод камолотига хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов ёзиб олди.
ЎзА