Миллий мусиқа ва ватанпарварлик руҳи уйғунлашган ижод байрами
Бухорода буюк композитор Мутал Бурҳонов хотирасига бағишланган “Энг яхши миллий ва ватанпарварлик руҳидаги асарлар” танлови ўтказилди.
Мусиқа — халқнинг руҳияти, тарихи ва маънавий қиёфасини ўзида мужассам этган беқиёс санъат туридир. Миллатнинг асрлар давомида шаклланган орзу-интилишлари, Ватанга муҳаббати ва миллий ўзлиги кўпинча куй ва оҳанглар орқали авлоддан-авлодга ўтиб келади. Шу маънода миллий мусиқа санъатини асраб-авайлаш, уни янги ижодий изланишлар билан бойитиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, вилоят Маданият бошқармаси, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мутал Бурҳонов ўзбек мусиқа санъати тарихида ўчмас из қолдирган буюк композиторлардан бири. У миллий куй ва оҳангларни замонавий композиторлик мактаби имкониятлари билан уйғунлаштириб, ўзбек мусиқасининг бадиий имкониятларини янги босқичга олиб чиқди. Унинг ижодида Ватан, халқ, миллий ғурур, инсон қадри ва эзгулик каби юксак тушунчалар алоҳида ўрин эгаллайди. Шу боис Бурҳоновнинг мусиқий мероси нафақат санъат асари, балки миллий хотира ва маънавий тарбиянинг муҳим манбаи сифатида ҳам қадрлидир. Айниқса, унинг ижоди ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва ўз халқининг тарихи ҳамда маданий меросига дахлдорлик туйғусини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Бугун Мутал Бурҳонов номини ёд этиб, унинг ижодий анъаналарини давом эттиришга қаратилган бундай танловларнинг ўтказилиши ҳам миллий мусиқа мактабининг узвий давомийлигини таъминлашга хизмат қилади.

Танловдан кўзланган асосий мақсад — миллий мусиқа санъатини ривожлантириш, ватанпарварлик ғояларини тараннум этувчи янги ижодий асарларни қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ижодкорларни кашф этиш ва ўзбек мусиқа санъатининг бой анъаналарини кенг тарғиб қилишдан иборат бўлди.
Танлов давомида иштирокчилар ўзларининг ижодий салоҳияти, мусиқий маҳорати ва санъатга бўлган юксак эҳтиромини намоён этдилар. Ижодий ишларида миллий қадриятлар, Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, халқнинг бой маънавий меросига ҳурмат каби эзгу ғоялар турли мусиқий талқинларда ўз ифодасини топди.
— Бундай танловларни ташкил этишдан асосий мақсад миллий мусиқа санъатини ривожлантириш, ватанпарварлик ғояларини тараннум этувчи ижодий асарларни қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ижодкорларни кашф этиш ва ўзбек мусиқа санъатининг бой анъаналарини кенг тарғиб қилишдир, — деди Бухоро вилояти Маданият бошқармаси бошлиғи Ж. Жумаев. — Танлов иштирокчилари ўзларининг ижодий салоҳияти, мусиқий маҳорати ва санъатга бўлган юксак эҳтиромини намоён этдилар. Уларнинг асарларида миллий қадриятлар, Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва халқимизнинг бой маънавий меросига ҳурмат каби эзгу ғоялар уйғунлашганини кўриш мумкин.
Танлов якунида муносиб иштирок этган ва юқори натижаларга эришган ижодкорлар тақдирланишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири