Қадимий ва миллий оҳанглар танлови
Миллий мақом, халқ қўшиқлари ва фольклор санъати — халқимизнинг асрлар давомида сайқал топган бебаҳо маънавий меросидир. Ана шу ноёб бойликни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга етказиш ва нуронийларнинг ҳаёт тажрибасини эъзозлаш йўлида юртимизда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Бухоро вилояти Қоракўл туманида ташкил этилган “Нуронийлар куйлаганда” шиори остидаги мақом ва миллий қўшиқлар ижрочилиги бўйича кўрик-танлов ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилди.
Танлов нафақат санъат байрами, балки миллий қадриятлар, устоз-шогирд анъаналари ва авлодлар ворислигини улуғлаган маънавият тантанасига айланди.
Танловнинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Хуршид Тоҳиров иштирок этиб, нуронийларнинг жамият тараққиётидаги ўрни, уларнинг бой ҳаётий тажрибаси ҳамда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ёш авлод онгига сингдиришдаги хизматларини юксак баҳолади. Шунингдек, бундай маънавий-маърифий тадбирлар миллий санъатни ривожлантириш, мақомчилик ва фольклор ижрочилиги анъаналарини кенг тарғиб қилиш, ёшларда миллий мусиқага меҳр ва ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Низом талабларига мувофиқ, танловда 60 ёшдан ошган эркаклар ҳамда 55 ёшдан ошган аёллар яккахон тарзда иштирок этди. Ҳар бир қатнашчи ўзини таништириш, мақом ёки миллий қўшиқ ижроси ҳамда фольклор йўналишида эркин чиқиш шартлари бўйича ҳакамлар ҳайъати олдида маҳоратини намойиш қилди.
Айниқса, иштирокчилар ижросида янграган мумтоз мақомлар, дилга яқин халқ қўшиқлари ва миллий куйлар тадбирга ўзгача руҳ бағишлади. Ҳар бир чиқишда йиллар давомида орттирилган ҳаётий тажриба, миллий санъатга муҳаббат ва юксак ижро маданияти яққол намоён бўлди. Томошабинлар ҳар бир куй ва қўшиқни катта қизиқиш ҳамда самимий олқишлар билан қарши олишди.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг овоз имконияти, ижро маҳорати, саҳна маданияти ва миллий анъаналарга содиқлигини инобатга олган ҳолда ғолибларни аниқлашди. Якуний натижаларга кўра, энг юқори балл тўплаган иштирокчилар муносиб равишда ғолиб деб эътироф этилди. Биринчи ўрин соҳиблари танловнинг вилоят босқичида Қоракўл тумани шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Тадбир сўнггида барча фаол иштирокчилар “Нуроний” жамғармаси туман бўлими томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири