Мехикода оммавий намойиш...
Мексикада тақдири номаълум 135 000 кишининг яқинлари йўқолганларни излаб, ҳукумат бепарволигига қарши норозилик билдирмоқда. Яъни, футбол бўйича жаҳон чемпионати билан бирга Мехико кўчаларида оммавий намойиш ҳам бошланди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросими ва илк ўйини бўлиб ўтаётган бир вақтда мамлакатда бедарак инсонларнинг юзлаб қариндошлари пойтахт бўйлаб кенг кўламли намойиш ўтказди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
“Қидирувчи оналар” (madres buscadoras) номли жамоат ташкилоти аъзолари ва фаоллар ушбу глобал спорт байрамига қаратилган дунё жамоатчилиги диққатидан фойдаланиб, ўз муаммосини кун тартибига олиб чиқиш орқали ҳукумат ҳаракатсизлигини қоралаш мақсадини кўзлаган. Улар таъкидлашича, давлат идораларидаги узоқ ва самарасиз бюрократик жараён жабрланувчилар оилаларини икки карра қийнамоқда, чунки терговчи ва адвокатлар тез-тез ўзгариши туфайли минглаб жиноий иш йиллаб ечимсиз қолиб кетмоқда. Оқибатда умидсизликка тушган оилалар ҳукумат Жаҳон чемпионати тадбирига миллионлаб песо сарфлаётган бир пайт, яқинларини наркокартеллар назоратидаги ҳаёт учун хавфли ҳудудларда ёлғиз қидиришга мажбур бўлмоқдалар.
Илк ўйин бошланиши арафасида тинч руҳда бошланган митинг Мехико марказий стадиони яқинида кескинлашиб, айрим гуруҳлар тўсиқларни бузиб ўтгандан сўнг хавфсизлик кучлари билан тўқнашувга айланди ва кўчаларга юзлаб полиция отрядлари жойлаштирилди. Ушбу фожиа кўламини кўрсатиш учун фаоллар стадион атрофи ва темир йўл бўйларига минглаб қидирув эълонларини ёпиштириб, деворларга “Тўп уйга қайтмоқда, аммо болаларимиз қачон қайтади?” деган рамзий шиорлар ёзиб қолдиришди. Ҳатто шаҳарнинг бош рамзи бўлган “Мустақиллик фариштаси” монументидаги “Қаҳрамонлар” сўзи ўчирилиб, ўрнига “Десапаресидос” (Бедарак йўқолганлар) деб ёзиб қўйилган. Намойишчилар ушбу кескин ҳаракатлар ва халқаро платформа орқали дунё ҳамжамияти уларнинг овозини эшитиши ва қидирув ишларига кўмаклашишидан умидвор.
Ф.Яхшибоева, ЎзА