Жаҳон чемпионатида шода медаллар қўлга киритилди
Хитой Халқ Республикасининг Нанкин шаҳрида спортнинг трамполин ва тумблинг турлари бўйича ўсмирлар ўртасидаги III жаҳон чемпионати ҳамда ёш тоифалари бўйича XXXII жаҳон мусобақаси наманганлик ёшлар учун муваффиятли натижаларга бой тарзда ўтди.
Дунёнинг турли мамлакатларидан келган юзлаб кучли спортчилар қатнашган ушбу нуфузли мусобақада Наманган вилояти гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби тарбияланувчилари юксак натижаларни қайд этишди.
Мусобақа якунларига кўра, акробатик йўлакчада сакраш дастурида Жаҳонгир Баҳодиров барча рақибларидан устун келиб, фахрли биринчи ўринни эгаллаб, жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлди.

Батутда синхрон сакраш дастурида баҳсларга киришган Элшод Маматусупов ва Жаҳонгир Баҳодиров жуфтлигининг маҳорати ва хатти-ҳаракатлари фахрли учинчи ўрин, яъни бронза медалларига лойиқ деб топилди.
Мазкур юксак ғалаба энг аввало юртимизда, шу жумладан, Наманганда жисмоний тарбия ва спортга берилаётган эътибор, спортчиларга яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар ҳамда мураббийларнинг спортчиларни улкан марралар сари руҳлантириш борасидаги тинимсиз меҳнатлари самарасидир.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири