Маърифатпарвар жадид Сайид Муҳаммад Темурбек (+видео)
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сонида маърифатпарвар жадид, моҳир таржимон ва муаллим — Сайид Муҳаммад Темурбек ҳақида маълумот берилади.
Сайид Муҳаммад Темурбек Худоёрхон авлодларидан бўлган Сайид Муҳаммадаминбек (1857-1923)нинг учинчи ўғли бўлиб, 1884 йилда Тошкентнинг Ниёзбек қўрғонида туғилган. Отаси Туркистон генерал-губернатори девонида таржимон бўлиб ишлаган. Онаси Рўвхавазахоним бўлган. Муҳаммадаминбек Рўвхавзахонимдан уч фарзанд кўрган. Каттаси Нуриддинбек (1879–1936) Лазарев номидаги ярим ҳарбий Петербург институтининг Яқин Шарқ бўлимида таълим олган. Муаллимлик билан машғул бўлган.
Иккинчи ўғли Саййид Муҳаммад Маликбек (1883–1899) гимназияда ўқиётган пайтда музга йиқилиш оқибатида касалланиб вафот этган. “Минор” қабристонига дафн этилган.
Бошланғич таълимни уйда отасининг дўсти Муҳаммад Солиҳхўжадан ислом асослари ва қироатни ўрганишдан бошлаган. Рус-тузем мактабини ўқиб сўнг Тошкентдаги гимназияга ўқишга боради. Гимназияда ўқиб юрган пайтларида тиб илмига қизиқиш уйғонади. Ўн йиллик гимназия таълимини тамомлаб Лазарев номидаги Петербург институтига ўқишга боради ва тиббиёт бўлимида ўқиган. У бу ерда тиббий ва ҳарбий билимдан сабоқ олади.
Биринчи жаҳон уруши бошланган 1914 йилда ҳарбий қўшин сафида империя қўшинлари сафида урушга боради. У рус қўшинларининг ғарбий фронт чизиғидаги жангда иштирок этади. 1916 йилдаги жангларнинг бирида жароҳатланиб Туркистонга қайтади. Жароҳати битгач фронт ортига юборилган ва Туркистондан “мардикорлик” воқеаси билан олиб кетилган ўзбек йигитлари гуруҳида таржимонлик қилади. 1917 йил юртига қайтиб ўлка зиёлиларининг “Шўрои Исломия” партияси фаол иштирокчисига айланади. У “Турк сўзи”, “Турк эли” газетасининг муҳаррири сифатида фаолият олиб борган. Туркистон Мухторияти қонга ботирилиб ўлкада шўролар ҳукумати ўрнатилгандан сўнг Сайид Муҳаммад Темурбек тиббий муассасаларда ўз фаолиятини олиб борган. Мактабларда тиббиётдан дарс берган.
Зулм зўравонликни авж олдириб бораётган совет ҳукумати 30-йилларга келиб Сайид Муҳаммад Темурбекни ўзи учун хавфли душман деб ҳисоблайди ва 1935 йилда Ички Ишлар Халқ Комиссарлиги томонидан қамоққа олинади. Жисмоний тергов ва оғир шароитда Сайид Муҳаммад Темурбек қамоқхонада касалликдан вафот этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/n1DvnBoQDWA" title="Ma’rifatparvar jadid Sayid Muhammad Temurbek " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА