“Темурбек” – Соҳибқирон ҳақидаги янги китоб
Мамлакатимизда маънавий юксалиш ва тарихий меросни асраб-авайлаш борасидаги ишлар янги босқичга чиқмоқда. Президентимиз раҳбарлигида халқимиз Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улкан мақсад йўлида бирлашмоқда. Бу жараёнда маънавият ва маърифат жамият тараққиётининг муҳим омили.
Бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган дунёда миллий тарихга холис ёндашиш, ёш авлод қалбида ватанпарварлик ва тарихий хотирани мустаҳкамлаш долзарб вазифага айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, буюк аждодларимиз, жумладан Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш зарурлиги таъкидланади.
Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али муаллифлигида “Темурбек” номли янги тарихий қисса яратилди.
Асар Соҳибқирон Амир Темурнинг болалик ва ўсмирлик даврларини ёритишга бағишланган бўлиб, муаллифнинг кўп йиллик илмий ва ижодий изланишлари асосида тайёрланди.
[gallery-28617]
Маълумки, Амир Темурнинг (милодий 1336–1405) болалиги, ўсмирлиги ҳақида расмий рисолалар, маълумотлар тарихий манбаларда кам сақланган. Низомиддин Шомий, Шарафуддин Али Яздий, Фасих Хавофий каби тарихчилар асарлари, шунингдек халқ оғзаки ижоди намуналарида сақланиб қолган парчалар асосида Темурбекнинг болалик даврини қайта тиклашга уринишлар амалга оширилган. “Темурбек” асари ана шу манбаларни бадиий талқин қилиш орқали ўқувчига янги қараш ва тасаввур беради.
Китобнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у замонавий технологиялар асосида сунъий интеллект ёрдамида яратилган иллюстрациялар ва видеоматериаллар билан бойитилган.
Шунингдек, асар якунида буюк саркарданинг авлодларга қарата айтган сўзлари аудио форматда тақдим этилган.
“Темурбек” нафақат тарихий-бадиий асар, балки ёш авлодни миллий ғурур, ватанпарварлик ва маънавий баркамоллик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган муҳим манба сифатида хизмат қилади.
Мазкур китоб кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар, тарихшунослар ва адабиёт ихлосмандлари учун мўлжалланган.
Н.Усмонова, А.Алижонов (сурат), ЎзА мухбири