Малакали кадрлар тайёрлашнинг янги модели
Туризм соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнини меҳнат бозори талаблари билан уйғунлаштириш ва ёш мутахассисларни бевосита амалиётга тайёрлаш мақсадида Бухорода дуал таълим тизимини ривожлантиришга бағишланган махсус тренинг ўтказилди.
Мазкур ташаббус туризм ва меҳмондўстлик соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш, таълим муассасалари ҳамда иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тренинг Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, Ўзбекистон Меҳмонхоналар уюшмаси ҳамда HELVETAS Uzbekistan ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда дуал таълимнинг асосий тамойиллари, уни туризм корхоналарида самарали жорий этиш механизмлари ва хорижий тажрибалар муҳокама қилинди.
Бу жараён мамлакатимизда таълим тизимини замонавий меҳнат бозори талабларига мослаштириш, ёшларга нафақат назарий билим, балки амалда зарур бўладиган касбий кўникмаларни беришга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларга замонавий касб ва билимларни эгаллаш учун кенг имкониятлар яратиш, профессионал таълим сифатини ошириш, иш берувчилар билан таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалаларига устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Туризм соҳасида дуал таълимни ривожлантириш ҳам ана шу стратегик ёндашувнинг амалий кўринишларидан биридир.
Дуал таълимнинг асосий устунлиги шундаки, таълим олувчи аудиторияда олган назарий билимларини реал иш жараёнида синаб кўради. Яъни, ёш мутахассис диплом олгандан кейингина меҳнат бозорига мослашишга эмас, балки ўқиш жараёнининг ўзида касбий муҳитга кириб боришга тайёрланади.

Тренинг давомида таълим муассасалари ва туризм корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, тажрибали мутахассисларни ёшларга бириктириш, иш жойидаги амалий машғулотларни тизимли ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, устозлик тизими, иш амалиёти, стандарт операцион жараёнлар (SOP) ва касбий компетенциялар дуал таълимнинг энг муҳим таркибий қисмлари сифатида кўриб чиқилди.
Бу ёндашувда тажрибали ходимнинг роли оддий назоратчи ёки раҳбар билан чекланиб қолмайди. У ёш мутахассис учун бевосита устоз, йўл-йўриқ кўрсатувчи ва касбий тажриба манбаи сифатида майдонга чиқади. Шу тариқа анъанавий “устоз-шогирд” мактаби замонавий таълим методлари билан уйғунлаштирилади.
Бугун туризм соҳасида рақобат нафақат сайёҳлик объектлари ёки туристик маршрутлар билан, балки хизмат сифати билан ҳам белгиланмоқда. Меҳмонхонадаги муомала маданияти, хорижий тилларни билиш, рақамли технологиялардан фойдаланиш, меҳмон эҳтиёжини англаш ва муаммога тезкор ечим топиш каби кўникмалар туристик маҳсулотнинг муҳим қисмига айланган.

Шу нуқтаи назардан, дуал таълим тизими туризм учун кадр тайёрлашнинг оддий усули эмас, балки хизматлар сифатини оширишнинг муҳим иқтисодий механизми ҳисобланади.
Чунки иш берувчи таълим жараёнидан қанчалик фаол иштирок этса, битирувчининг меҳнат бозорига мослашуви шунчалик осон кечади. Ўз навбатида, ёш мутахассис реал иш жараёнида тажриба орттириб, мустақил қарор қабул қилиш ва касбий вазифаларни сифатли бажариш қобилиятини шакллантиради.
Тренингда халқаро хизмат кўрсатиш стандартлари асосида амалий машғулотларни ташкил этиш, туризм корхоналарида ягона иш тартибларини жорий қилиш ва ходимларнинг касбий компетенцияларини баҳолаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири