Ҳамкорликда дуал таълим йўлга қўйилади
Гулистон давлат педагогика институтида «Дуал таълим тизими: Ўзбекистон ва Германия кўприги» мавзусида онлайн давра суҳбати ташкил этилди. Унда Германия академик алмашинув хизмати (ДААД) ташкилоти вакили Жоҳанна Маер, Гулистон давлат педагогика институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нурбек Аяқулов ҳамда институт профессор-ўқитувчилари иштирок этишди.
Мулоқот давомида дуал таълим тизимининг мазмун-моҳияти, унинг таълим сифатини оширишдаги ўрни, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳамда халқаро тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, дуал таълим назарий билимларни амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш, талабаларни меҳнат бозори талабларига мос тайёрлаш ва уларнинг касбий салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу тизимда таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида ўрин тутиб, талабаларнинг ўқиш жараёнидаёқ амалий тажриба тўплашига замин яратади.
Институт илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Нурбек Аяқулов ҳам Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги таълим ҳамкорлигининг аҳамиятига тўхталиб, бундай мулоқотлар илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни миллий таълим тизимига мослаштириш учун муҳим имконият эканини таъкидлади. Унинг фикрича, дуал таълимни ривожлантириш орқали назария ва амалиёт ўртасидаги узвийликни кучайтириш, бўлажак мутахассисларнинг касбий тайёргарлигини янада такомиллаштириш мумкин.
Давра суҳбатида Германия тажрибаси, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорлик механизмлари, халқаро академик алоқаларни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, дуал таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири