Бухоро туризми: янги марралар сари
Халқаро сайёҳлар оқими, йирик инвестиция лойиҳалари ва замонавий инфратузилма қадимий шаҳарнинг туристик салоҳиятини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Бугун туризм дунё мамлакатлари иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллаётган, янги иш ўринлари яратиш, инвестицияларни жалб қилиш, ҳудудларнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган стратегик тармоқлардан биридир. Айниқса, бой тарихий мероси, бетакрор меъморий обидалари, миллий ҳунармандчилиги ва меҳмондўстлиги билан жаҳонга танилган Бухоро учун бу соҳани ривожлантириш нафақат иқтисодий, балки улкан маданий ва маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг муҳим драйверига айлантириш, ҳудудларнинг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланиш, замонавий инфратузилма яратиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва хизматлар сифатини халқаро талаблар даражасига кўтариш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда Бухоронинг тарихий ва маданий салоҳиятини замонавий имкониятлар билан уйғунлаштириш, уни халқаро туризмнинг йирик марказларидан бирига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йилда соҳада эришилган натижалар, Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалар ва истиқболли инвестиция лойиҳалари ана шу мақсаднинг амалий ифодасидир.
Туризмнинг барқарор ривожланиши, аввало, сайёҳлар учун қулай муҳит яратиш, уларга кўрсатиладиган хизматлар тури ва сифатини ошириш билан бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, жорий йилда Бухоро вилоятида меҳмонхона бизнеси, жойлаштириш воситалари ва туристик хизматлар инфратузилмасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Йил давомида 91 та янги жойлаштириш воситаси фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 985 та хона ва 2 минг 231 та ўрин яратилди. Натижада вилоятдаги жойлаштириш воситалари умумий сони 755 тага етди. Шунингдек, 41 та янги туроператор ва турагентлик иш бошлади. Уларнинг умумий сони 259 тани ташкил этди.
Бу рақамлар ортида тадбиркорлик ташаббуслари, янги инвестиция лойиҳалари, хизмат кўрсатиш соҳасидаги рақобат ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги амалий ишлар мужассам. Зеро, меҳмонхона ва меҳмон уйларининг кўпайиши нафақат сайёҳларни қабул қилиш имкониятларини кенгайтиради, балки транспорт, умумий овқатланиш, савдо, ҳунармандчилик каби турдош тармоқлар ривожига ҳам туртки беради.
Бухоронинг халқаро туризм харитасидаги мавқеи мустаҳкамланиб бораётганини сайёҳлар оқими ва экспорт кўрсаткичлари ҳам яққол намоён этмоқда.
2026 йилда вилоятга 2,7 миллион нафардан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Туризм хизматлари экспорти ҳажми 745,2 миллион АҚШ долларига етди. Шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан 4,7 миллион нафардан зиёд маҳаллий сайёҳ Бухоронинг тарихий обидалари, муқаддас қадамжолари, миллий урф-одатлари ва бетакрор маданий муҳити билан танишди.
Албатта, бу натижалар замирида Бухоронинг минг йиллик тарихи, Ипак йўли чорраҳасидаги ўрни, меъморий ёдгорликлари ва миллий қадриятлари билан бир қаторда, туризм соҳасида яратилаётган янги имкониятлар ҳам муҳим ўрин тутади.
Жорий йилда ўтказилган III Халқаро зардузлик ва заргарлик фестивали ҳам вилоятнинг халқаро маданий ва туристик нуфузини оширишга хизмат қилган муҳим воқеалардан бири бўлди. Унда 47 та давлат вакиллари иштирок этишди. Фестиваль доирасидаги тадбирларга 160 минг нафардан ортиқ киши ташриф буюрди.
Мазкур халқаро анжуман миллий ҳунармандчилик анъаналарини кенг тарғиб этиш, усталарнинг маҳорати ва ижодий ишларини жаҳон майдонида намойиш қилиш, хорижий мутахассислар ва ишбилармонлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун муҳим майдон вазифасини ўтади.
Энг муҳими, бундай тадбирлар туризмнинг маданий мерос, миллий ҳунармандчилик, савдо ва хизмат кўрсатиш билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланишига замин яратади.
Жорий йилнинг 3 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида янги туризм марказида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишуви соҳанинг келгуси тараққиёти учун муҳим воқеа бўлди.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳанинг аҳамияти фақат замонавий бинолар барпо этиш билан чекланмаслиги, балки қадимдан илм-маърифат, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик маркази бўлиб келган Бухоронинг шуҳратига муносиб муҳит яратиш, унинг бой меросини дунёга янада кенг танитиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
[gallery-32552]
Мазкур ёндашув туризм соҳасини ривожлантиришда муҳим тамойилни белгилаб беради: замонавийлик тарихий қиёфани йўқотмаслиги, аксинча, унинг жозибасини янада ошириши керак.
50 гектар майдонда барпо этилаётган янги туризм марказига жами 105 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида қабуллар уйи, кўргазмалар зали, музей, иккита замонавий меҳмонхона, 80 та оилавий меҳмон уйи, 2 минг ўринли амфитеатр, 70 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси, сайилгоҳлар, ҳунармандчилик марказлари ҳамда сунъий кўл барпо этилади.
Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, 2 мингта янги иш ўрни яратилиши, Бухорога қўшимча 2 миллион нафардан ортиқ сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда. Маҳаллий бюджетга йиллик тушум эса 288 миллиард сўмни ташкил этиши мумкин.
Президентимиз лойиҳани амалга оширишда унинг иқтисодий барқарорлиги, сифатли бошқаруви, сайёҳлар учун қулай хизматлар тизими ва маҳаллий аҳоли манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш вазифасини қўйди.
Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашича, янги марказга келган меҳмон шаҳарнинг тарихий руҳини ҳис этиши, бугунги тараққиётини кўриши, бухороликлар эса туризм ривожидан иш ўрни ва даромад кўриши лозим.
Бу вазифаларнинг мазмун-моҳияти шундаки, туризмдан олинадиган иқтисодий самара, энг аввало, маҳаллий аҳоли ҳаётида сезилиши, тадбиркорлик ва бандлик учун янги имкониятлар яратиши зарур.
Бухоро туризмининг истиқболини белгилайдиган яна бир йирик стратегик лойиҳа — “Янги Бухоро” халқаро аэропортининг қурилишидир.
Маълумки, 12 ноябрь куни мазкур аэропортни давлат-хусусий шериклик асосида қуриш ва бошқариш бўйича ўтказилган халқаро тендер натижалари эълон қилинди. Унга кўра, Туркиянинг Limak İnşaat Sanayi ve Ticaret A.Ş. ҳамда Қатарнинг Hamad Bin Khalid Contracting Company W.L.L. компаниялари консорциуми ғолиб деб топилди.
Лойиҳа “Қуриш — топшириш — бошқариш” (BTO) модели асосида амалга оширилади. Давлат-хусусий шериклик битимининг умумий муддати 23 йилни ташкил этиши, шундан уч йилгача бўлган давр қурилиш ишларига ажратилиши режалаштирилган.
Лойиҳага мувофиқ, хусусий шерик соатига 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги йўловчи терминали, вокзалолди майдони, автотураргоҳ ва уларга туташ инфратузилмани қуриш ҳамда бошқаришни амалга оширади. Давлат шериги эса аэродром мажмуаси, жумладан, учиш-қўниш йўлаги ва перронни барпо этиш ҳамда бошқариш учун масъул бўлади.
Янги аэропорт лойиҳасининг аҳамиятини фақат транспорт инфратузилмасини янгилаш билан баҳолаш тўғри эмас. Бу, аввало, Бухоронинг халқаро авиация тармоғига интеграциялашувини кенгайтириш, хорижий сайёҳлар учун тўғридан-тўғри ва қулай қатнов имкониятларини ошириш, янги туристик бозорларни ўзлаштириш демакдир.
Зеро, сайёҳ учун саёҳатнинг қулайлиги кўп жиҳатдан манзилга етиб бориш имкониятларига боғлиқ. Замонавий аэропорт эса меҳмонларнинг илк таассуротини шакллантирадиган, ҳудуднинг халқаро нуфузини белгилайдиган муҳим инфратузилма объекти ҳисобланади.
Шу маънода, янги аэропорт ва туризм маркази лойиҳаларини ўзаро уйғун ривожлантириш Бухоронинг сайёҳлик имкониятларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши мумкин.
Эришилган натижалар соҳадаги имкониятлар ҳали тўлиқ ишга солинмаганини ҳам кўрсатади. Шу боис йил якунига қадар вилоятда 9 миллион нафар сайёҳни жалб қилиш, шундан 3,5 миллион нафарини хорижий, 5,5 миллион нафарини маҳаллий сайёҳлар ҳиссасига тўғри келтириш вазифаси белгиланган.
Шу билан бирга, туризм экспортини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш ва соҳада 2 минг 200 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
2027 йилда эса 354 гектар майдонда 7 та бренд меҳмонхона, 6 та бренд ресторан ҳамда 120 та савдо ва сервис объектини барпо этиш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар натижасида 2 минг 500 нафардан ортиқ аҳоли учун янги иш ўринлари яратилади.
Бу режалар Бухорода замонавий туристик инфратузилмани шакллантириш, халқаро брендларни жалб қилиш, хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш ва хусусий сектор фаоллигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Албатта, белгиланган марраларга эришиш учун фақат сайёҳлар сонини кўпайтиришнинг ўзи кифоя қилмайди. Уларнинг вилоятда бўлиш муддатини узайтириш, саёҳат давомида кўрсатиладиган хизматлар турини кўпайтириш, туристик маҳсулотларни диверсификация қилиш, ҳар бир туманнинг ўзига хос имкониятларини ишга солиш талаб этилади.
Айниқса, гастрономик, зиёрат, экологик, этнографик ва қишлоқ туризмини ривожлантириш орқали вилоятнинг туристик салоҳиятини янада кенг намоён этиш мумкин. Бу жараёнга маҳаллий ҳунармандлар, оилавий тадбиркорлар, ёшлар ва хотин-қизларни кенг жалб қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бугун Бухоро олдида турган асосий вазифа фақат сайёҳлар сонини кўпайтириш эмас, балки ҳар бир меҳмон қалбида унутилмас таассурот қолдирадиган, яна бир бор келиш истагини уйғотадиган туристик муҳитни шакллантиришдир.
Бунинг учун тарихий обидаларни асраб-авайлаш, миллий қадриятларни сақлаш, замонавий инфратузилмани оқилона барпо этиш, хизматлар сифатини ошириш ва экологик барқарорликни таъминлаш бирдек муҳим.
Президентимиз томонидан Бухоро олдига қўйилаётган вазифалар ҳам айнан шу мақсадга қаратилган. Янги туризм маркази, “Янги Бухоро” халқаро аэропорти, бренд меҳмонхоналар ва сервис объектлари — буларнинг барчаси ягона стратегик мақсад, яъни қадимий шаҳарнинг улкан туристик салоҳиятини тўлиқ ишга солишга хизмат қиладиган ўзаро боғлиқ лойиҳалардир.
Энг муҳими, бу бунёдкорликлар натижасида яратиладиган имкониятлар маҳаллий аҳоли фаровонлигига, тадбиркорлик ривожига ва янги авлоднинг касб-ҳунар эгаллашига хизмат қилиши лозим.
Зеро, Бухоронинг бой тарихи — унинг бебаҳо мероси, бугунги ислоҳотлар эса келажак тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир. Ана шу икки омил уйғунлигида қадимий шаҳарнинг жаҳон туризм марказларидан бири сифатидаги мавқеи янада юксалиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари