Мактабгача таълим қамрови 92,7 фоизга етди
Гулистон туманида мактабгача ёшдаги болаларни таълим-тарбия жараёнига жалб этиш, қамров даражасини ошириш ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш борасида муайян натижаларга эришилмоқда. Айни пайтда тумандаги 3-7 ёшли болаларнинг 92,7 фоизи мактабгача таълим билан қамраб олинган.
Бу ҳақда Гулистон тумани Таълим ва илм-фан бўлими томонидан мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ташкил этилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

Бўлим раҳбари Дилмурод Қодирқуловнинг маълум қилишича, айни пайтда туманда жами 151 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларнинг 20 таси давлат, 7 таси давлат-хусусий шериклик асосидаги ҳамда 124 таси оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларидир.
2026 йил ноябрь ойи ҳолатига кўра, тумандаги 3-7 ёшли 7 721 нафар боланинг 7 157 нафари мактабгача таълим билан қамраб олинган. Бу умумий қамров даражаси 92,7 фоизни ташкил этаётганини англатади.
Қамров кўрсаткичларида нодавлат секторнинг ҳам салмоқли улуши бор. Жумладан, давлат мактабгача таълим ташкилотларида 2 677 нафар, оилавий нодавлат ташкилотларда 3 891 нафар, давлат-хусусий шериклик асосидаги ташкилотларда эса 589 нафар бола тарбияланмоқда.
Эътиборлиси, IV чорак учун белгиланган 90,8 фоизлик қамров режаси 1,9 фоиз бандга ортиғи билан бажарилган. Олти ёшли болаларни мактабга тайёрлов гуруҳларига жалб этишда ҳам белгиланган вазифалар тўлиқ уддаланган. Режа асосида 1 794 нафар болани қамраб олиш кўзда тутилган бўлса, амалда 1 806 нафар бола жалб этилиб, қамров 100 фоизга етказилган.

Туманда мактабгача таълим тизимида хусусий ташаббусларни рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароит яратиш орқали янги таълим масканларини ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг I ва III чоракларида Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлиги томонидан 14 нафар тадбиркор билан оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш бўйича жами 490 ўринга мўлжалланган битимлар имзоланган.
Шунингдек, туманда фаолият юритаётган 15 нафар якка тартибдаги тадбиркор билан оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини давом эттириш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва қувватини ошириш юзасидан қўшимча битимлар расмийлаштирилган.
Янги таълим масканларининг ишга туширилиши эса қамровни кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида Мевазор маҳалласида «Болалик қувончи», август ойида Алишер Навоий маҳалласида «Кичкинтой бола» мактабгача таълим ташкилотлари негизида давлат-хусусий шериклик асосида жами 210 ўринли янги муассасалар фаолияти йўлга қўйилган.
Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутасаддиларга мурожаат қилиб, мактабгача таълим қамровини янада ошириш, нодавлат ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш масалалари юзасидан атрофлича маълумот олдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири