Бунёдкорлик ва ташаббускорлик рағбатлантирилмоқда
Маҳалла — жамият ҳаётининг энг муҳим бўғини, инсонларни бир мақсад атрофида бирлаштирадиган, эзгу ташаббуслар амалий натижага айланадиган маскан. Шу боис мамлакатимизда маҳалла муҳитини ободонлаштириш, аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, фуқароларнинг бунёдкорлик салоҳиятини юзага чиқариш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилаётган маҳаллаларни обод қилиш, ҳудудларда яшаш муҳитини яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар бугун жойларда аниқ амалий ифодасини топмоқда. Бу жараёнда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” каби йўналишлардан ташкил топган кўрик-танлов ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур кўрик-танловнинг шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Унда маҳаллаларда амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари, илғор ташаббуслар, фуқароларнинг ўз ҳудуди ривожига қўшаётган ҳиссаси атрофлича ўрганилди.


Эътиборлиси, танловда фақат ҳудуднинг ташқи кўриниши ёки кўчаларнинг тозалиги эмас, балки ободонликнинг замирида турган фуқаролик масъулияти, аҳоли ҳамжиҳатлиги ва маҳалла фаолларининг ташаббускорлиги ҳам асосий баҳолаш мезонларидан бири бўлди. Зеро, обод маҳалла, аввало, шу ерда яшаётган инсонларнинг умумий мақсади, меҳнати ва дахлдорлик туйғуси билан қад ростлайди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан хонадон ва кўчаларнинг озодалиги, яшил ҳудудлар барпо этиш борасидаги ишлар, маҳалла инфратузилмасининг яхшиланиши, аҳоли ўртасидаги ҳамжиҳатлик, соғлом турмуш тарзига риоя этиш, ташаббускорлик ва эришилган амалий натижаларга алоҳида эътибор қаратилди.


Кўрик-танловнинг ҳар бир йўналишида муносиб номзодларнинг аниқланиши маҳаллалар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва ободонлик ишларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Танлов якунига кўра, “Обод хонадон” йўналишида “Хўжа Ғунжорий” маҳалласидан Нишонжон Атамуродов, “Обод кўча” йўналишида “Сайфиддин Боҳарзий” маҳалласидан Шерзод Шодиев, “Обод маҳалла” йўналишида эса “Ситораи Моҳи Хосса” маҳалласи раиси Дилором Саидова ғолиб деб топилди.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири