Президент мактуби: улуғвор мақсадларга эришиш юксак марраларга интилишдан бошланади
“Чинакам муваффақият бу – муваффақиятсизликдан хулоса чиқариб, руҳни чўктирмай, чидам ва жасорат билан олдинга боришдир. Ҳаётдаги энг катта ютуқ ҳеч қачон йиқилмасликда эмас, балки йиқилган тақдирда ҳам ўзида куч топиб қайта тура билишдадир...”
Давлатимиз раҳбарининг набирасига мактубида келтирилган ушбу фикрлар айнан спортчи ёшларга тегишли экани Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида талаба-ёшлар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида бот-бот тилга олинди.
Тадбир давомида университет талаба-ёшларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий мактуби ўқиб эшиттирилди.
Талаба-ёшлар мактубда келтирилган давлат раҳбарининг ўз ҳаётий тажрибаси, болалик хотиралари ва меҳнат фаолияти, ёш авлод учун яратилаётган имкониятлар, таълим-тарбия сифати ва мамлакат келажаги йўлидаги масъулият хусусидаги фикрларини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан тинглашди.

Мактубда келтирилган барча фанларни пухта ўзлаштириш, хорижий тилларни ўрганиш, илм-фан янгиликларидан бохабар бўлиш, замонавий технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан оқилона фойдаланиш, вақтнинг қадрига етиш, қийинчиликлар қаршисида иродали бўлиш ва бошлаган ишни охирига етказиш каби фикрлар тингловчиларда чуқур таассурот қолдирди.
Тадбир давомида мактубда илгари сурилган ўй-фикрлар талаба-ёшларни янада изланиш, ўз устида ишлаш, юксак марраларни кўзлаш ва келажак олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этишга чорловчи муҳим ҳаётий сабоқ сифатида қайд этилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА