Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Андижон вилоятининг қатор маҳаллаларида ҳам маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайловлари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонуни ҳамда жорий йил 11 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига асосан юқоридаги қонунга киритилган ўзгаришлар асосида ўтказилган сайлов жараёнлари юқори савияда ташкил этилди.
Фуқаролар йиғини раиси лавозимига бой ҳаётий тажрибага эга, аҳоли ўртасида катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган, билимдон, адолатли, кўпни кўрган, маҳалла аҳлини хайрли ишларга эргаштира оладиган, ташаббускор, ташкилотчилик қобилиятига эга муносиб номзодлар сайланмоқда.
[gallery-23117]
Андижон шаҳридаги “Пистамазор” маҳалла фуқаролар йиғинида 2 минг 500 нафарга яқин аҳоли яшайди. Белгиланган тартибларга кўра, ўтказилган сайлов жараёнида маҳалла аҳолисининг 300 нафар вакили иштирок этди.
Раисликка уч нафар номзод қўйилди. Улар орасидан ушбу маҳаллада раис вазифасида ишлаб келаётган Акмалжон Раҳмоновга маҳалла аҳолининг аксарияти ишонч билдирди. У энг кўп овоз олиб, маҳалла раислигига қайта сайланди.
Бугун маҳалла раиси сайлови ҳар бир туман ва шаҳардаги биттадан маҳаллада бўлиб ўтди. Фуқаролар йиғинлари раиси сайлови вилоятдаги 909 та маҳаллада белгиланган муддат, тартиб ва демократик тамойиллар асосида ўтказилади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари