Маҳалла раиси қайта сайланди
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги каби Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида ҳам жорий йилнинг 16 май санасидан фуқаролар йиғинлари раислигига сайловлар ўтказилмоқда.
Тумандаги Куюк кўпир овулидаги 19-сонли умумтаълим мактаби биносида бўлиб ўтган сайловда овул фуқаролари номидан жами 252 нафар вакил иштирок этди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонуни, 2022 йил 16 мартдаги Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, туманда ҳар бир овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида сайловларни ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилди.
Бугунги кунда туманда 2 та шаҳарча, 16 та овул ва 31 та маҳалла жами 49 та фуқаролар йиғинлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг барчасида фуқаролар йиғинлари раислари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тегишли вазифалар белгиланиб, 25 банддан иборат тадбирлар режаси ҳамда 19 нафар кишидан иборат фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси таркиби тасдиқланди.
[gallery-7305]
Куюк кўпир овулида аҳоли ўртасида фуқаролар йиғинлари раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ томонидан сайловга тайёргарлик масалалари тушунтирилди. Кўчалар, хонадонлардан фуқароларнинг вакиллик нормаси белгиланиб, рўйхати тасдиқланди. Ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар бўйича таклифлар тайёрланди.
Фуқаролар йиғини раиси лавозимига олий маълумотга эга, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган шахслар номзод қилиб кўрсатилди.
Барча номзодлар ўрганиб чиқилиб, туман ҳокими томонидан Каримова Тамара Отахоновна ҳамда Шерметов Жўрабек Холимбетович номзодлари тасдиқланди.
Сайловда ҳар иккала номзод дастлаб барчани ўз дастури билан таништирди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раисини сайлаш яширин овоз бериш орқали амалга оширилди.
Овозларни санаш натижалари бўйича саноқ комиссияси томонидан Тамара Каримовага 127 нафар, Жўрабек Шерметовга 121 нафар вакил овоз бергани маълум қилинди. Иштирок этган вакилларнинг ярмидан кўпроғининг овозини олган номзод – амалда овул фуқаролар йиғини раиси лавозимида ишлаб келаётган Тамара Каримова қайта сайланди.
Туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам фуқаролар йиғини раиси лавозимига сайлов жараёнлари қизғин давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА