Куз-қиш мавсумига тайёргарлик устувор вазифа
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш бўйича тарғибот тадбири ташкил этилди.
Нукус шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар мавсумий хавфсизлик чораларига қатъий амал қилиш, юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг олдини олиш ҳар бир фуқаронинг масъулияти эканини таъкидлашди. Куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш чоралари ҳақида батафсил маълумот беришди. Хусусан, газ ва иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш, носоз ускуналарни ишлатиш, мўриларни ўз вақтида тозаламаслик ҳамда шамоллатиш тизимларининг созлигига етарлича эътибор бермаслик жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги қайд этилди.

Тадбир давомида ис газидан заҳарланиш хавфи, ёнғин содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ва фавқулодда вазиятларда тезкор чоралар кўриш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Иштирокчиларга кундалик ҳаётда эътиборсиз қолдирилиши мумкин бўлган оддий хавфсизлик қоидалари ҳам инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги тушунтирилди.

Тадбир якунида куз-қиш мавсумини хавфсиз ўтказиш, газ ва электр жиҳозларидан тўғри фойдаланиш, ис газидан заҳарланиш ҳамда ёнғинларнинг олдини олиш бўйича берилган тавсияларга амал қилиш зарурлиги таъкидланди. Бундай тарғибот тадбирлари жамоада хавфсизлик маданиятини юксалтириш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва инсон ҳаётини муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири