Куз фасли қишга ҳозирлик давридир
Айни кунларда юртимизда сокин куз фасли ҳукмрон, ҳадемай эса қаҳратон қиш ўз эшигини қоқиб келади. Ижтимоий соҳа объектлари ва хонадонларни куз-қиш мавсумига ҳозирлаш бугунги кундаги долзарб вазифалардан биридир.
Бу борада Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан жойларда тегишли тайёргарлик ишлари ва зарур чоралар амалга оширилмоқда.

Учқўрғон туманида тизимнинг вилоят ва туман масъуллари ҳамда дахлдор ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида ўтказилган профилактик тадбирлар ана шулар жумласидан.

– Даставвал, тадбирга жалб этилган ишчи гуруҳга бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан керакли тавсиялар асосида йўриқнома берилди. Ишчи гуруҳ томонидан тумандаги “Ёғду” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ҳарбий қисмда ҳарбийлар хонадонлари ва фуқаролар яшаш хонадонлари куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ўрганилди, – дейди Наманган вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходими, майор Қаҳрамон Сатторов.

– Ҳарбийлар оилалари ва хонадон эгалари билан содир этилиши мумкин бўлган ёнғин, чақнаш, ис гази ва ботулизмдан заҳарланиш каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тушунтиришлар берилди. Хонадонлардаги иситиш печлари ва ошхоналарнинг дудбуронларини тозалатиш ишлари олиб борилди.

Тадбир давомида, фуқароларга куз-қиш мавсумида юз бериши мумкин бўлган турли ёнғин ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида тайёрланган эслатма плакатлар тарқатилди. Бундай профилактик ишлар Учқўрғон марказий деҳқон бозорида давом эттирилиб, тадбиркор ва аҳоли билан овқатдан заҳарланиш ҳолатларига йўл қўймаслик борасида суҳбатлар ўтказилди.

Туманнинг Саноат маҳалласида жойлашган 20-сонли Олимпия захиралари спорт мактабида ўқувчиларга ёнғин-қутқарув экипажи, ундаги асбоб-анжомлар яқиндан таништирилди.

Шунингдек, Озод маҳалласи ҳудудида жойлашган 22-сонли умумтаълим мактабида қўшимча қурилиш ишлари олиб бораётган ишчиларга техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш юзасидан керакли йўриқнома берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.