Огоҳлик — хавфсизлик, эҳтиёткорлик — ҳаёт кафолати
Куз-қиш мавсумида ёнғинлар ва ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳар бир фуқародан огоҳлик ва масъулиятни талаб этади. Айниқса, иситиш мосламалари, газ жиҳозлари ва электр тармоқларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш инсон ҳаётини асрашнинг муҳим шартидир. Шу мақсадда Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ҳарбий хизматчилар иштирокида профилактик-тарғибот тадбири ташкил этилди.
Миллий гвардиянинг вилоят бошқармасида ўтказилган учрашувда куз-қиш мавсумини хавф-хатар ва кўнгилсиз ҳодисаларсиз ўтказиш, ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда ис газидан заҳарланиш ҳолатларига йўл қўймаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мутахассислар ҳарбий хизматчиларга ёнғин хавфсизлиги қоидалари, иситиш мосламаларидан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш, газ жиҳозлари ҳамда электр тармоқларининг техник созлигини мунтазам текшириш, мўриларни ўз вақтида тозалаш ва хоналарни шамоллатишнинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Шунингдек, ис газининг хавфли хусусиятлари, унинг инсон саломатлиги ва ҳаётига таъсири, заҳарланишнинг дастлабки белгилари ҳамда бундай ҳолатларда кўрилиши лозим бўлган тезкор чоралар юзасидан тушунтиришлар берилди.
[gallery-32413]
— Куз-қиш мавсумида ёнғинлар ва ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда профилактик тушунтириш ишлари алоҳида аҳамиятга эга. Бундай тадбирлар орқали фуқароларга мавсумий хавф-хатарлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва ҳимояланиш чоралари ҳақида зарур маълумотлар етказилади. Айниқса, иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш, газ жиҳозлари ва электр тармоқларига бепарво муносабатда бўлиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис ҳар бир инсон хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиши, яқинлари ва атрофдагиларнинг ҳам бу борадаги масъулиятини ошириши зарур. Бугунги тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам аҳоли орасида огоҳликни кучайтириш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишдан иборат, — деди Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими, капитан Даврон Сулаймонов.
Тадбир давомида ёнғин ёки бошқа фавқулодда вазиятлар юзага келганда саросимага тушмасдан, тўғри ҳаракатланиш, хавфли ҳудудни тарк этиш, атрофдагиларни огоҳлантириш ва тегишли хизматларга ўз вақтида хабар бериш бўйича амалий тавсиялар ҳам берилди.
Бундай профилактик тадбирларнинг аҳамияти шундаки, хавфсизлик қоидаларини билишнинг ўзи кифоя эмас, уларга кундалик ҳаётда мунтазам амал қилиш ҳам зарур. Зеро, биргина эътиборсизлик оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Унутманг, ёнғиннинг олдини олиш уни ўчиришдан осон, инсон ҳаётини асраш эса ҳар қандай чорадан устун. Огоҳлик ва эҳтиёткорлик — хавфсиз қишнинг энг муҳим кафолатидир.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА