1916 йил (бундан 105 йил олдин) – ҳуқуқшунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ғулом Аҳмедов таваллуд топди.
Унинг илмий асарлари жиноят ҳуқуқини такомиллаштириш, хусусан, гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка қарши кураш муаммоларига бағишланган. У ҳуқуқшуносликка доир луғатлар тузган, ўзбек тилидаги юридик атамаларнинг шаклланишига ҳисса қўшган.
1938 йил (бундан 83 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Исмоилова таваллуд топди. У – Зайнаб Савриеванинг қизи. “Холисхон” (Ҳамза) спектаклидаги Зуҳра унинг саҳнада яратган илк образидир. У ўз ижоди давомида лирик, драматик характердаги турли образларни яратди, фильмларда бир неча қаҳрамонларга овоз берди. Дилбар Исмоилова 1998 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.
1956 йил (бундан 65 йил олдин) – Тошкентдаги “Пахтакор” стадиони очилди.
1981 йил (бундан 40 йил олдин) – Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг қарори билан атроф-муҳитни ва кишилар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида бутифос ўткир заҳарли моддасини дефолиант сифатида қўллаш ман этилди. Лекин амалда бу қарор бажарилмади. Ғўзани бутифос билан дефоляция қилиш олдингидек ҳаттоки аҳоли яшайдиган қишлоқлар яқинида ҳам амалга оширилаверди.
2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Матбуот ва ахборот соҳасида бошқарувни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2017 йил (бундан 4 йил олдин) – ўзбек биокимёгарлари ва эндокринологлари мактаби асосчиси, мамлакатимизда замонавий таълим тизимини яратишга, фан тараққиётини йўлга қўйишда, хусусан дунё фанида қалқонсимон без фаолиятини, тиреоид гормонлар биокимёси ва унинг таъсир механизмларини очиб беришга улкан ҳисса қўшган, “Буюк хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати” орденлари, “Жасорат” ва “Шуҳрат” медаллари соҳиби, атоқли тиббиётчи ва педагог олим академик Ёлқин Холматович Тўрақулов таваллудига 100 йил тўлиши муносабати билан олимнинг биология, тиббиёт ва педагогика соҳаларидаги илмий меросининг аҳамиятини инобатга олиб Вазирлар Маҳкамаси “Академик Ёлқин Холматович Тўрақулов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади.
ЎзА