870 йил (бундан 1151 йил олдин) – ислом оламининг йирик мутафаккири, буюк муҳаддис, муҳаддислар имоми, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий Самарқанднинг Хартанг қишлоғида вафот этди. Буюк муҳаддис ҳижрий 256 йил Ийд ал-фитр кечаси (милодий 870 йил 31 августда) ҳижрий ҳисобда 13 куни кам 62 ёшда оламдан ўтдилар.
1398 йил (бундан 623 йил олдин) – Ҳиндистон юришига отланган Амир Темурга Кобул яқинида суиқасд қилинди. Бу воқеани тарихчи олим Хондамир қуйидагича қайд этган: “Эртасига мазкур ойнинг ўн еттинчиси жума куни собитқадам Соҳибқирон Тахтиравон деб аталувчи қўнғир отини миниб, қалъа (Кобул яқинидаги Эрёб қалъаси) гирдини айланаётган пайтда рўпарадаги дарвозага етиб келди. Дарвоза устидаги болохона тешигидан ул ҳазрат жонига қасд қилиб ўқ отдилар ва ўқнинг ўтиб кетаётган овозидан от ҳуркиб кетди ва у газанда ўқ ул саодатманд Хусравга тегмади”.
1912 йил (бундан 109 йил олдин) – геолог олим, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ҳабиб Абдуллаев таваллуд топди (вафоти 1962 йил). У 1956–1962 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти сифатида фаолият юритди. Ҳабиб Абдуллаев 130 дан ортиқ илмий асар, жумладан, 7 та монография ёзди. У Ўзбекистонда иқтидорли ёшлардан фаннинг турли соҳаларида, жумладан геология бўйича миллий кадрлар тайёрлашга катта ҳисса қўшди. Ҳабиб Абдуллаев 2002 йилда “Буюк Хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
1920 йил (бундан 101 йил олдин) – қизил армия томонидан амирлик пойтахти Эски Бухоронинг шафқатсизлик билан ўққа тутиб бомбардимон қилиниши, шаҳар обидалари ва минглаб бегуноҳ аҳолининг нобуд бўлиши Амир Олимхонни шаҳарни ташлаб чиқиб кетишга мажбур этди. Тарихчи У.Рашидовнинг қайд этишича, Амир Олимхон 1920 йил 31 августдан 1 сентябрга ўтар кечаси шаҳарнинг Самарқанд дарвозасидан чиқиб, Ситораи Моҳи Хосса (амирнинг ёзги саройи), Вобкент, Ғиждувон ва туғилган она шаҳри Кармана орқали Шарқий Бухорога чекинди.
1952 йил (бундан 69 йил олдин) – Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Маҳмуд Тоир таваллуд топди. У – анъанавий услуб шоири. Шеърларида оддий инсоний туйғулар, юрт мадҳи ва муҳаббат мавзулари акс этган. Унинг кўплаб шеърлари таниқли хонандалар томонидан куйланади. У 2000 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
1991 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари олтинчи сессиясида мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида” Конституциявий Қонун қабул қилинди. Шундай қилиб, халқимизнинг мустақилликка эришишдек асрий орзуси рўёбга чиқди.
1993 йил (бундан 28 йил олдин) – Тошкентда Амир Темур ҳайкали очилди. Ўрта асрларнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган Амир Темурга кейинчалик Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг марказий майдонларида ҳам ҳайкаллар ўрнатилди.
1995 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳаво флоти кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунга биноан, август ойининг учинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикасининг ҳаво флоти куни” этиб белгиланди.
2000 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Почта алоқаси тўғрисида”, “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида” Қонунлари қабул қилинди.
2002 йил (бундан 19 йил олдин) – Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларида биринчилардан бўлиб “Қатағон курбонлари хотираси” музейи очилди. Музей Россия империяси ва совет ҳокимияти даврида Ватан озодлиги йўлидаги фаолияти учун қатағон этилган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил қилинган. Бу миннатдор авлодларнинг ўз аждодлари хотирасига эҳтиромидир.
2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросим бўлди. Мажмуага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди ва нутқ сўзлади.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади
ЎзА