“Кумуш тола” етиштириш мавсуми бошланди
Пиллачилик азалдан қишлоқ аҳолиси учун нафақат меҳнат, балки тирикчилик ва барака манбаи бўлиб келган. Бугун ҳам бу соҳа минглаб хонадонлар учун барқарор даромад ва янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Сирдарё вилоятида пиллачилик мавсумининг бошланиши ҳам ана шу анъананинг изчил давоми бўлди. Гулистон туманидаги “Боғишамол” ва “Нурли йўл” СИЮ ҳудудларида жойлашган инкубация хоналарида парваришланган 576 қути пилла қурти фермер ва пиллакорларга тарқатилди. Бу жараён ортида эса бир мақсад — аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар даромадини ошириш вазифаси туради.

Жорий йилда ушбу ҳудудларда қарийб 35 минг тонна пилла хомашёси етиштириш режалаштирилган бўлиб, бу кўрсаткич қишлоқ хўжалигининг ушбу йўналишдаги салоҳияти ортиб бораётганидан далолат беради.
Тадбирда иштирок этган Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев пиллачилик мавсумини самарали ташкил этиш, қуртларни асраб-авайлаб парваришлаш ва уларни сифатли озуқа билан таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталди. У пиллакорлар олдида турган энг муҳим вазифа — ҳар бир қутидан юқори ҳосил олиш эканини таъкидлади.

Айни пайтда масъулларга пиллакорларни тут барги билан узлуксиз таъминлаш, инкубация жараёнларини назоратда ушлаш ва фермерлар билан яқин ҳамкорликни кучайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Майдондаги кайфият эса ўзгача: қўлма-қўл тарқатилаётган пилла қуртлари билан бирга умидлар ҳам тарқалмоқда.
Кўп йиллик тажрибага эга пиллакор Ойтожи ая Нишонбоева бу жараённи шундай изоҳлайди:
– Пилла қуртини 15 йилдан буён етиштириб келаман. Бежизга уни “барака қурти” дейишмайди. Ҳар бир қути ортида рўзғоримизга кираётган барака бор. Бу йил ҳам ўзим парваришлаб, фермерларга тарқатдик. Насиб этса, 2 қутидан яхши даромад оламан, – дейди у.

Мутахассислар таъкидлашича, инкубация усулида етиштирилган пилла қуртлари юқори сифат ва самарадорликни таъминлайди. Бу эса пиллачиликда янги босқичга кўтарилиш имконини бермоқда.
Бугун Сирдарёда бошланган мавсум фақат агротехник жараён эмас. Бу меҳнатга берилган эътибор, одамларга яратилган имконият ва фаровонлик сари ташланаётган яна бир қадамдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири