Пиллачилик қишлоқ хўжалигининг даромадли соҳаларидан бири ҳисобланади. Оз муддат ичида натижа кўрсатувчи юмуш бўлган ипак тола етиштиришга бугунги кунда мамлакатимизда алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йил пилла мавсумида Тошкент вилояти Пискент туманида 2 минг 440 қути ипак қурти парваришлаб, 137 тонна пилла хомашёси етиштириш режалаштирилган. Айни вақтда фермер хўжаликлари ва касаначилар билан ипак қурти парваришлаш учун контрактация шартномалари тузилмоқда.
— Майдагина қуртнинг ривожланиб, оппоқ ва сифатли пилла ўрагунича бўлган даврда мунтазам озуқа етказиб бериш энг масъулиятли юмуш ҳисобланади, — дейди тажрибали пиллакор Санобар Жўраева. — Шу боис, тумандаги тут плантацияларини реконструкция қилиш, янги кўчатлар экиш ва тутзорлар барпо этиш эътибор марказида.
Ҳозирги кунда туманда жами 328 гектар тутзор мавжуд. "Агропилла" МЧЖ балансига ўтказилган тутзорларни янгилашга алоҳида эътибор берилмоқда. Жорий йилда 20 гектар ер реконструкция қилиниб, 50 минг туп тут кўчати ўтқазилди.
Жорий йилги пилла мавсуми пухта тайёргарлик асосида бошланди.
"Агропилла" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Сарвар Мамировнинг таъкидлашича, пиллани қайта ишлаш корхонаси томонидан 10 та кўчма қуртхоналар тайёрланган. Бешта ҳудудда ипак қурти уруғларини жонлантириш учун инкубаторийлар фаолият кўрсатмоқда. Йилнинг илк ҳосили учун ҳаракатни бошлаб юборган пиллакорларга меҳнати самарали бўлиши учун тизимли равишда рағбатлантириляпти. “Жин жуз силк” ипакчилик корхонаси томонидан касаначилар учун ҳар бир хонадонга сунъий дасталар берилади. Аванс тариқасида 300 минг сўмдан тақдим қилинди.
2021 йил мавсумида вилоятда 27 минг 302 қути ипак қурти уруғи парваришланиб, 1 минг 529 тонна тирик пилла етиштириш режалаштирилган.
Бугунги кунда контрактация шартномаларини тузиш ишлари тўлиқ якунига етказилган. Фермер хўжаликлари ва қурт боқувчилар (звено) ўртасида жами 20 минг 681 қути ипак қурти парваришлаш бўйича ички меҳнат шартномалари тузилган. Мавсумни самарали ўтказиш мақсадида кўплаб масъул ташкилотлар жараёнга жалб этилмоқда.
Тошкент вилоятида бугунги кунда 273 дона инкубатория мавжуд бўлиб, улар орқали фермер хўжаликлари ҳамда қурт боқувчи звеноларга уруғ тарқатиш борасидаги ишлар бошлаб юборилган.
А.Мусаев,ЎзА