Косонсойда IV Халқаро мотокросс чемпионати ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
65-халқаро Гуллар фестивали доирасида Косонсой туманида мотоспорт бўйича “Наманган вилояти ҳокими кубоги” учун IV Халқаро мотокросс чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақа Наманган вилояти ва Косонсой тумани ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Наманган вилояти кенгаши ташаббуси билан ташкил этилди.
Мусобақада Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари, шунингдек, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган 100 нафарга яқин спортчи иштирок этиб, ғолиблик учун баҳслашди.
Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш, айниқса, Косонсой туманининг бой табиий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва тоғ туризмини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Чемпионат давомида иштирокчилар турли тоифалар бўйича мураккаб трассаларда ўз маҳоратини синовдан ўтказиб, томошабинларга қизиқарли ва муросасиз баҳсларни тақдим этди.
[gallery-29717]
Тақдирлаш маросимида “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси А. Аълохўжаев кейинги йилларда мамлакатимизда мотокросс спортини ривожлантириш ва оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Қайд этилганидек, бундай халқаро мусобақалар спортчилар маҳоратини ошириш, ёшларни техник спорт турларига кенг жалб этиш ҳамда мамлакатимиз мотоспорти нуфузини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар диплом, кубок ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА