Мотокросс моҳирлари баҳслашди
Мусобақа давомида иштирокчилар турли тоифалар бўйича мураккаб трассаларда ўз маҳоратини намоён этди. Томошабинлар юқори тезлик, кескин бурилишлар ва қизғин рақобатга бой баҳсларга гувоҳ бўлишди.
Наманган вилоятининг Косонсой тумани Баҳористон маҳалласида жойлашган мототрассада вилоят ҳокимлиги, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши, “Саванна” туризм компанияси ҳамкорлигида мотоспорт бўйича вилоят ҳокими кубоги учун IV халқаро мотокросс чемпионати ўтказилди.
65-халқаро гуллар фестивали доирасида ташкил қилинган ушбу мусобақада мамлакатимиз ҳудудларидан ташқари, қўшни Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон давлатлари ҳамда Россия Федерациясидан келган юзга яқин спортчилар ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Турнирнинг тантанали очилиши маросимида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботирхон Нуриддинов, “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш билан бир қаторда туризм соҳаси ҳам жадал ривожланиб бораётганлиги, айниқса, мезбон – Косонсойнинг бой табиий имкониятлари ва тоғ туризми салоҳияти жадал юксалаётганлигини таъкидлади.



Бундай халқаро мусобақалар спортчилар маҳоратини ошириш, айниқса, ёшларни спортнинг техник ва амалий турларига кенг жалб этиш ҳамда юртимизнинг мотоспортдаги мавқеини юксалтиришга хизмат қилади.

Халқаро мотокросс чемпионатининг якуний натижаларига кўра, 65 см³ синфи бўйича Жиззах вилоятидан Даврон Камолов, 85 см³ синфида Тошкент шаҳридан Герман Усов, “Хитой” синфи борасида қирғизистонлик Замирбек уулу Аманкелди, “ЧЗ” синфи бўйича жиззахлик Марсел Галиев, 500 см³ синфида бухоролик Жасур Саматов, фахрийлар синфида пойтахтлик Николай Шаробаев, 750 см³ синфи (экипажлар) бўйича рақобатда Тошкент вилояти вакили Виктор Лавров марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтиб, зафар нашидасини суришди.


IV халқаро мотокросс чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари диплом, кубок ҳамда пул маблағлари билан тақдирландилар.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА