ОКМК мотокроссчилари Ўзбекистон кубоги мусобақасида ғолиб бўлишди
Жорий йилнинг 7–8 ноябрь кунлари Олмалиқ шаҳрида мотокросс бўйича очиқ Ўзбекистон кубоги мусобақаси юқори савияда ташкил этилди. Ушбу шиддатли беллашувларда юртимизнинг барча вилоятларидан ҳамда қўшни Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатларидан келган 80 дан ортиқ маҳоратли спортчилар ғолиблик учун кураш олиб боришди.
Мусобақада ОКМК Техник спорт клуби вакиллари ҳам иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Мураббий Андрей Сазонов бошчилигидаги комбинат мотокроссчилари юксак маҳорат ва матонат кўрсатиб, якунда жамоавий ҳисобда фахрли 1-ўринни эгаллашди ва Ўзбекистон кубогига сазовор бўлишди.

Вакилларимиз юқори натижаларни қайд этиб, умумжамоа ғалабасига муносиб ҳисса қўшишди. Хусусан, ўз тоифаларида Арслан Остонов, Ярослав Масленников, ўсмирлар ўртасида Ойбек Қобулжонов, катталар ўртасида Эмран Аблязов ҳамда 35 ёшдан ошган спортчилар орасида Андрей Сазоновлар фахрли 1-ўринни эгаллашди.
Шунингдек, эркин тоифада Андрей Сазонов 2-ўринга лойиқ кўрилди. Шевкет Сулейманов, Сергей Виноградов, эркин тоифада Эмран Аблязов ҳамда кажавали мототцикллар мусобақасида Аброрбек Жуманов ва Бедри Акимов экипажи ўз тоифаларида кучли учликни якунлаб, 3-ўринга сазовор бўлишди.
ЎзА