Коррупцияга қарши ички назорат тизими самарадорлигини ошириш бўйича ҳуқуқий эксперимент қандай натижа бермоқда?
Президентимизнинг 2025 йил 21 апрелдаги «Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, коррупцияга қарши ички назорат тизими самарадорлигини ошириш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилмоқда.
Мазкур ҳуқуқий эксперимент бешта идорада, жумладан, Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари, шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятларида амалга оширилмоқда.
Ҳуқуқий эксперимент доирасида қандай натижаларга эришилмоқда? Бу саволга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров жавоб берди:
— Ҳуқуқий экспериментнинг асосий мақсади — коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолиятида манфаатлар тўқнашуви ва идора ичидаги таъсир эҳтимолини камайтириш, шунингдек, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва бартараф этиш самарадорлигини оширишдан иборат.
Ҳуқуқий эксперимент доирасида мазкур идораларда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда иш жараёнларини рақамлаштириш, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида давлат харидлари ва тиббий жиҳозлар нархларини қайта кўриб чиқиш натижасида 247 миллиард сўм бюджет маблағлари тежалди ҳамда 10 миллиард сўмлик асоссиз ортиқча харажатларнинг олди олинди. Тежалган маблағлар шифохоналарни зарур ускуналар ва дори-дармонлар билан таъминлашга йўналтирилмоқда.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 7 та янги хизмат жорий қилиниб, уларнинг умумий сони 46 тага етказилди. Шунингдек, қоғоз шаклида юритиладиган 99 та тиббий журнал ва бланк рақамлаштирилди.
28 та тажриба-синов тумани (шаҳри)даги 681 та поликлиникада КПИ модули тўлиқ жорий этилди. ДМЕД тизими орқали Ҳаж тадбири учун тиббий маълумотномаларни расмийлаштириш йўлга қўйилди.
Мазкур тизимда 20 дан ортиқ функционал модуль ва рақамли хизматларнинг жорий этилиши натижасида 4 мингта давлат тиббиёт ташкилоти, 8 мингга яқин хусусий клиника, 11,5 мингдан ортиқ дорихона ҳамда 38 миллиондан ортиқ фуқаро рақамли тизимлар билан қамраб олинди.
«Электрон поликлиника», «Электрон шифохона» ва «Электрон рецепт» модулларининг жорий этилиши шифокор ва бемор ўртасидаги бевосита молиявий ҳамда ортиқча бюрократик алоқаларни қисқартиришга хизмат қилмоқда. Ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш жараёнлари Komplaens электрон модули орқали рақамлаштирилди. Шунингдек, шифохоналардаги бўш ўринлар, давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар рўйхати ҳамда шифокорларнинг иш графиклари очиқланди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тизимида инсон омилини минималлаштириш мақсадида комплаенс назорат тузилмалари томонидан махсус алгоритмлар асосида лицензияларни электрон шаклда бериш тизими тест режимида жорий этилди. Натижада қурилиш соҳасида 1-, 2- ва 3-тоифага мансуб лицензияларни автоматлаштирилган тарзда электрон шаклда бериш механизми йўлга қўйилиб, лицензиялаш жараёнининг шаффофлиги, тезкорлиги ва самарадорлигини оширишга эришилмоқда.
Бундан ташқари, ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари фаолияти ҳам рақамлаштирилмоқда. Жумладан, кенгаш аъзоларининг ҳар бири учун «Қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш» ахборот тизимида алоҳида шахсий кабинетлар очилиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари юзасидан тизим орқали электрон хулоса бериш механизми жорий этилди.
Ўтган давр мобайнида тендер савдоларининг «Шаффоф қурилиш» ахборот тизимидаги электрон платформа орқали ўтказилиши натижасида уларнинг умумий қиймати 32,19 триллион сўмни ташкил этди. Якунда 30,62 триллион сўмлик шартномалар тузилиб, қарийб 1,5 триллион сўм маблағ иқтисод қилинди.
Сув хўжалиги вазирлигида ҳуқуқий эксперимент доирасида фермер хўжаликларида сув сарфини аниқ ҳисобга олиш, сув тақсимотида шаффофликни кучайтириш ва ҳисоб-китобларда юзага келиши мумкин бўлган баҳсли ҳолатларни камайтириш мақсадида «Рақамли сув хўжалиги» ягона платформаси ҳамда «Вазиятлар маркази» ташкил этилди.
Давлат сув кадастрига доир ахборотни тақдим этиш хизматини рақамлаштириш доирасида «Давлат сув кадастри» ахборот тизимининг янгиланган версияси ишга туширилди.
Эндиликда, масалан, тадбиркорга канал ёки сув хўжалиги объекти ҳақида кадастр маълумоти зарур бўлса, у ушбу маълумотларни идоралараро электрон ахборот алмашинуви орқали ортиқча оворагарчиликсиз олиши мумкин.
«Ўзбекнефтгаз» АЖда ҳам коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, шунингдек, хавфсизлик ва назорат самарадорлигини ошириш мақсадида интеллектуал видеокузатув камералари ҳамда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланувчи «Вазиятлар маркази» ташкил этилди.
Нефть базаларига 550 дан ортиқ видеокузатув камераси, жумладан, 98 та янги интеллектуал камера ва 68 та сатҳ ўлчагич ўрнатилиб, улар «Вазиятлар маркази»га интеграция қилинди.
Рақамлаштириш ва коррупцияга қарши тизимли назоратнинг йўлга қўйилиши натижасида 2025 йилни зарар билан якунлаган нефть базалари 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 44 миллиард сўм соф фойда олишга эришди.
«Ўзсувтаъминот» АЖ томонидан йирик сув иншоотлари, шунингдек, магистрал ва тарқатувчи тармоқларнинг уланиш нуқталарига 4,8 мингта электрон сув ҳисоблаш ускунаси ўрнатилмоқда.
Ичимлик ва оқова сув тизимларини бошқаришда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш кўлами кенгайтирилмоқда. Хусусан, ягона колл-марказга овозли робот, насос ускуналарининг энергия самарадорлигини ошириш мақсадида эса «виртуал муҳандис» тизими жорий этилмоқда. Шунингдек, республика даражасида ва 14 та ҳудудий корхонада ягона ситуацион марказлар ташкил этилмоқда.
2026 йил 1 майдан бошлаб тизимда коррупцияга қарши масофавий мониторинг ва таҳлил ишларини амалга оширувчи янги тузилма — «Коррупциявий хавфларни бошқариш ситуацион маркази» фаолият кўрсатмоқда.
—Очиқлик индексида «қизил» ҳудудга тушган ташкилотлар раҳбарларига қандай чоралар кўрилмоқда?
— Очиқлик индекси ва Коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигини баҳолаш рейтингларида кетма-кет «қизил» ҳудудга тушаётган давлат ташкилотлари раҳбарларига нисбатан огоҳлантиришдан ташқари қандай қатъий жавобгарлик чоралари кўрилмоқда?
2025 йил якунлари бўйича Очиқлик индекси натижаларига кўра, давлат органлари ва ташкилотларининг 9 таси 55 баллдан паст натижа қайд этиб, «қизил» тоифада баҳоланди.
Агентлик томонидан мазкур ташкилотларда очиқликни таъминлаш соҳасида йўл қўйилган камчиликлар юзасидан ПФ–154-сон фармон талаблари асосида очиқликни таъминлашга масъул ходимларга нисбатан интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича таклифлар киритилди.
Кўрилган чоралар натижасида 2 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди. 4 нафар ходимга нисбатан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилди. 1 нафар ходимга нисбатан жарима интизомий жазоси тайинланди.
Коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигини рейтинг асосида баҳолаш тизимида ҳам қонунчиликка мувофиқ, кетма-кет икки йил давомида «қониқарсиз» баҳо олган давлат ташкилотлари раҳбарларига нисбатан интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш белгиланган.
Норгул Абдураимова,
ЎзА