Каттақўрғонда маърифат, ижод ва эзгулик тадбирлари ўтказилди
Самарқанд вилоятида «Ўзбекистон — ўз-ўзимизники!» шиори остида ўтказилаётган «Маърифат ҳафталиги» доирасида Каттақўрғон тумани ва шаҳрида маънавий-маърифий, маданий-ижодий ҳамда хайрия тадбирлари ташкил этилди.
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирокида ўтказилган учрашувлар доирасида «Маърифат соати», «Истеъдодлар давраси», «Маърифат улашиб», «Яшил макон», «Яхшилик карвони» ва «Миллат фидойилари» лойиҳалари амалга оширилди.

Жумладан, Каттақўрғон туманидаги Қўқсой маҳалласида жойлашган 63-умумтаълим мактабида ташкил этилган ижодий учрашувда ўқувчилар ўз истеъдодларини намойиш этди. Мактаб ўқувчиси Мақсуд Абдумуродовнинг жонли ижроси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, туман марказидаги 15-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган тадбирда Лайло Раҳматова пианино ижроси билан иштирок этди. Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» асари асосида тайёрланган саҳна кўриниши намойиш этилди. Ёш ижодкорларнинг шеърлари, Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.

Ҳафталик доирасидаги «Маърифат улашиб» лойиҳаси асосида олимлар, зиёлилар ва ижодкорлар иштирокида маҳалла аҳли билан учрашувлар ўтказилиб, уларда илм-маърифат, маънавият, ёшлар тарбияси ва жамият тараққиётига оид мавзуларда суҳбатлар ташкил этилди.
«Маърифат соати» доирасидаги мулоқотларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон қадрини улуғлаш, ёшларни илм олишга рағбатлантириш ҳамда замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш масалаларига эътибор қаратилди.
«Яшил макон» лойиҳаси доирасида ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилган бўлса, «Яхшилик карвони» ташаббуси орқали ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олинди. «Миллат фидойилари» лойиҳаси доирасида эса Ватан озодлиги ва тинчлиги йўлида жон фидо қилган инсонлар хотираси ёд этилди.

Тадбирларда ёшларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг адабиёт ва санъатга қизиқишини ошириш, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Нилуфар Эргашева Каттақўрғон ёшлари билан учрашувлар ҳақида ўз таассуротларини билдирди.
— Каттақўрғонлик ёшлар билан учрашиб, уларнинг истеъдоди, интилиши ва дунёқарашидан мамнун бўлдим. Бу ерда ёшларнинг илм-фан, санъат ва ижодга қизиқиши, Ватанга бўлган муҳаббати яққол намоён бўлди. Ишонаманки, бугун улар учун яратилаётган имкониятлар ва кўрсатилаётган эътибор келгусида юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган билимли, ташаббускор ва истеъдодли ёшларнинг камол топишига хизмат қилади, — деди у.
Таъкидлаш жоизки, «Маърифат ҳафталиги» доирасидаги тадбирлар аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини юксалтириш, жамиятда эзгулик, ҳамжиҳатлик ва ватанпарварлик ғояларини кенг тарғиб этишга хизмат қилмоқда.
Дилобар Маматова,
«Маърифат» тарғиботчилари жамияти ходими.
ЎзА