Ноқонуний "Умра" ташкил этмоқчи бўлган шахс ушланди
Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи сайёҳлик фирмаси раҳбари тегишли лицензиясиз «Умра» зиёратини ташкил этишни ваъда қилиб, фуқаролардан пул талаб қилгани аниқланди.
Маълум қилинишича, фирма раҳбари «Умра» зиёратини адо этиш истагида бўлган уч нафар фуқарога сафарни ташкил этиш ҳамда муқаддас қадамжоларда барча зарур шароитларни яратиб беришни ваъда қилган. Бу хизматлар эвазига у 3 750 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фирма раҳбари олдиндан келишилган маблағнинг 3 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ва процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, фуқаролардан шунга ўхшаш қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига хабар бериш сўралмоқда. Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
ЎзА