Кадастр ходимлари маҳкумлар билан учрашди
Коррупция, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа қонунбузарликлар инсон ҳаётида қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкин? Кадастр бошқармаси ходимлари иштирокида жазони ижро этиш колониясида ташкил этилган профилактик учрашувда ана шу саволга ҳаётий мисоллар орқали жавоб изланди.
Учрашув давомида ходимлар маҳкумларнинг яшаш шароитлари билан танишди, уларнинг ҳаёт йўли, содир этган ҳуқуқбузарликлари ва бугунги пушаймонликлари ҳақида суҳбатлашди.
Маҳкумлар ўз қилмишлари оқибатида нафақат озодликдан, балки оила бағрида яшаш, ота-онасининг хизматида бўлиш, фарзандларининг улғайишини кўриш каби инсон учун энг қадрли имкониятлардан ҳам айрилганини таъкидлади.

Уларнинг айтишича, колонияда яшаш учун зарур шароитлар яратилган бўлса-да, ҳеч бир шароит инсоннинг эркин ҳаётини, яқинлари билан бирга ўтказадиган вақтини алмаштира олмайди.
Маҳкумлар кадастр ходимларига мурожаат қилиб, хизмат фаолиятида ҳалолликни устувор билиш, ноқонуний манфаатлардан тийилиш ва ҳар қандай вазиятда қонун талабларига риоя этиш зарурлигини уқтирди.

Мазкур учрашувнинг асосий мақсади ҳам ходимларга коррупциянинг фақат ҳуқуқий жавобгарлик билан чекланмайдиган, инсоннинг оиласи, келажаги ва бутун ҳаётига таъсир кўрсатадиган оқибатларини англатишдан иборат.
Зеро, мансаб ва хизмат ваколати шахсий манфаат йўлида фойдаланиладиган имконият эмас, балки халқ ишончи ва масъулиятидир. Ҳалоллик эса ҳар бир ходимнинг кундалик фаолиятидаги асосий мезон бўлиши лозим.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири