Кореяда “Туркий гуманитар фанлар энциклопедияси” чоп этилди
Мазкур нашр ҳақида Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи таянч докторанти Дилноза Рустамова қуйидаги фикрларни билдирди:
–Туркий халқларнинг қадимий ва бой тарихи, маданияти, санъати бутун дунё илм-фанида муҳим аҳамиятга эгалиги билан соҳа олимларини ўзига жалб этиб келади. Кореяда чоп этилган “Туркий гуманитар фанлар энциклопедияси” ҳам мана шу қизиқишларнинг амалий натижаси дейиш мумкин.
Ушбу энциклопедия Донгук аёллар университети қошидаги Евроосиё туркий мамлакатлар институти тадқиқот лойиҳаси доирасида 2018-2023 йиллар давомида Корея Миллий тадқиқот фонди молиявий кўмагида амалга оширилган.
Луғат Евроосиё туркий тадқиқотлар институти директори, профессор Эункюнг Оҳ раҳбарлигида 21 нафар туркшунос муаллиф, шунингдек, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон каби чет эл олимлари ҳамкорлигида тайёрланган.
Бу ишнинг аҳамиятли томони шундаки, қимматли нашрнинг юзага келишида ўзбекистонлик фольклоршунос олим, профессор Ж.Эшонқулов ва Жанубий Кореяда илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчи Г.Михрееванинг ҳам ҳиссаси бор. Буни албатта, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Aлишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейининг Евроосиё туркий мамлакатлар институти билан узоқ йиллик ҳамкорликнинг самараси ҳам дейиш мумкин.
“Туркий гуманитар фанлар энциклопедияси” туркий тилли мамлакатларнинг тили, адабиёти, тарихи, санъати, географияси, фольклори ва динига оид асосий тушунчалар ҳақида корейс тилида маълумот беради.
Саккиз жилддан иборат бу жамланма Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби Марказий Осиё давлатлари, Россия Федерациясининг Олтой, Тува, Хакас, Татаристоннинг Саха ва Бошқирдистон республикалари, Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилоятларига оид икки мингдан ортиқ сарлавҳали турли, қизиқарли илмий мавзуларни қамраб олган.
Ушбу китобларда туркий давлатларнинг Ипак йўли бўйлаб шаклланган кўп миллатли маданий мероси трансмиллий ўзига хослик сифатида эътироф этилади. Қолаверса, Корея Республикаси бошқа этник гуруҳларга қараганда, тил ва маданий мероси жиҳатидан туркий мамлакатларга яқин. Бу яқинлик гуманитар тадқиқотларни кенгайтириш ва кучайтириш заруратини келтириб чиқаради.
Зеро, туркий халқларнинг бой маданий мероси ҳақидаги маҳаллий тадқиқотлар корейс тилига таржима қилинмаган. Бу эса кенг жамоатчиликнинг илғор текширишлар олиб бориши ҳамда асосий билимларни эгаллашини қийинлаштирар эди.
Шу боис ҳам “Туркий гуманитар фанлар энциклопедияси”га эҳтиёжи мавжуд эди. Мазкур энциклопедия турк дунёсининг қадимги тарихидан то бугунги кунигача бўлган давр ҳақида батафсил маълумот беришга хизмат қилади. Қолаверса, корейс халқининг туркий халқларга бўлган ҳурмат-эҳтиромини ҳам ифода этади.
Н.Усмонова тайёрлади,
ЎзА