ЎзДЖТУда Корея маданият ва таълим маркази очилди
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Корея маданият ва таълим маркази очилди.
Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда ташкил этилган мажмуанинг очилиш маросимида олий таълим маскани раҳбари Илҳомжон Тўхтасинов, KOICA Ўзбекистон ваколатхонаси директори Шин Мюнг Сеоп, KIDC ташкилоти бош котиби Ким Бок Хи, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Мазкур тадбир университетда амалга оширилаётган йирик халқаро лойиҳаларнинг навбатдагиси сифатида эътироф этилди.
Марказ ЎзДЖТУ ва KOICA ўртасида 2025 йил 16 январь куни имзоланган меморандум асосида амалга оширилаётган, 2025-2027-йилларга мўлжалланган лойиҳа доирасида йўлга қўйилди. Бу ерда корейс тилини ўрганиш учун замонавий ва қулай таълим муҳити яратилади, махсус курслар, семинар ва тренинглар мунтазам уюштирилади. Талаба-ёшлар учун корейс маданиятига оид турли тадбирлар – маданий кеча, фестиваль ва кино намойишлари, турли ижодий учрашувлар ўтказилади. Корейс тили ва маданиятига қизиқувчилар учун клуб ташкил қилиниб, бундай гуруҳлар фаолияти доимий равишда қўллаб-қувватланади. Қолаверса, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш мақсадида илмий-амалий анжуманлар, академик алмашинув дастурлари йўлга қўйилади. Қисқаси, янги очилган марказ нафақат тил ўрганиш, балки корейс маданиятини чуқур англаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва замонавий билимга эга мутахассислар тайёрлашга ҳам кўмаклашадиган муҳим таълим ва маданият ҳабига айланади.

Маросим доирасида корейсларнинг миллий “Sogo” ҳамда ўзбек рақслари ижро этилди, талабалар ижодий чиқишлари, “Самулнори” мусиқий дастури намойиш этилди.
Қайд этилганидек, 3 йилга мўлжалланган мазкур лойиҳанинг умумий бюджети 1 116 000 доллар. Шундан 155 000 доллар марказни ташкил этиш ва жиҳозлаш, 145 000 доллар эса моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда талабалар учун тадбирлар ташкил этишга йўналтирилган.

Дастурга 70 нафар кореялик кўнгилли ҳам жалб этилган. Улар 5 босқичда мамлакатимизга ташриф буюради. Ҳозиргача жами 38 кўнгилли (волонтёр) фаолият олиб борган. Айни пайт уларнинг 16 нафари турли йўналишларда иш олиб боряпти.
Тадбир давомида иштирокчилар фаолиятига расман старт берилган Корея маданият ва таълим маркази билан яқиндан танишдилар.

Г.Сатторова, ЎзА