Ўзбекистон маданияти – Кореяда
Жорий йилнинг 14–21 сентябрь кунлари Корея Республикасининг Кочхан, Борён, Сеул, Чонжу, Андон ва Сунчхон шаҳарларида “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирлари бўлиб ўтади.
Дастур доирасида 14 сентябрь куни Кочханда “Gochang Cultural Center” мажмуасида, 15 сентябрда Борён шаҳридаги “Boryeong Culture and Arts Center” мажмуасида “Ўзбек маданият фасллари” симфоник концерт дастури, 16-17 сентябрь кунлари Сеулда “Sejong Art Center”нинг “Grand Theater” концерт залида “Ўзбекистон маданияти кунлари”нинг тантанали очилиш маросими ва концерт дастури , “Ўзбек маданият фасллари” фото ва миллий либослар кўргазмаси, шунингдек, “Ўзбекистон ва Корея маданият соҳасининг янги босқичлари” мавзусида маданият вазирларининг ҳамкорлик учрашуви ўтказилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга 18 сентябрь куни Чонжудаги “Korean Traditional Music Center” мажмуасида, 19 сентябрь куни Андондаги “Andong Art Center” мажмуасида “Ўзбек маданият фасллари” симфоник концерт дастури, 21 сентябрь куни Сунчхондаги “Suncheon Cultural Center” мажмуасида “Ўзбекистон маданияти кунлари”нинг тантанали ёпилиш маросими ва концерт дастури бўлиб ўтади.
“Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбирларида Ўзбекистон Республикасининг таниқли санъаткорлари Корея Республикаси саҳналарида ўзбек маданияти ва санъатини намойиш этишади.
Маданий дастурларда Ўзбекистон халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Зулайҳо Бойхонова, Камолиддин Ўринбоев ва Айгул Нодирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Озода Нурсаидова, Муниса Ризаева, шунингдек, таниқли хонандалар Ҳулкар Абдуллаева, Жасмин ва Улуғбек Йўлчиев иштирок этиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, тадбирларда Ўзбекистон давлат симфоник оркестри, “Навбаҳор” рақс ансамбли, мақом ва опера санъати хонандалари, миллий ҳунармандчилик ва кўргазма усталари ҳам қатнашади.
“Ўзбекистон маданияти кунлари” доирасида ўзбек симфоник мусиқаси, миллий рақс, мақом ва опера санъати, замонавий эстрада, миллий либослар ва ҳунармандчилик намуналари Корея жамоатчилигига тақдим этилади.
Мазкур тадбирлар Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш, ижодий алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий санъатимизни халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш ҳамда икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Усмонова, ЎзА