Колумбия плей-оффга йўл олган ҳолда Ўзбекистонга имконият яратди
Жаҳон чемпионатининг “L” ҳамда “K” гуруҳларида плей-офф учун кураш 3-турда ҳам давом этади
Футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичи “L” ҳамда “K” гуруҳларида иккинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди.
“L” гуруҳидаги марказий баҳсда Англия ва Гана терма жамоалари майдонга тушди. Ўйин давомида ҳар икки жамоа бир қатор хавфли вазиятлар яратган бўлса-да, дарвозалар ишғол этилмади. Учрашув 0:0 ҳисобида якунланди. Шу гуруҳнинг иккинчи учрашувида эса Хорватия ва Панама ўртасидаги беллашув бўлиб ўтди. Мураккаб кечган ўйинда европаликлар 1:0 ҳисобида зафар қучди.
Иккинчи тур натижаларига кўра, “L” гуруҳида Англия ва Гана 4 очкодан тўплаб, голлар нисбатига кўра 1–2-ўринларни эгаллади. Хорватия 3 очко билан учинчи, Панама эса очкосиз сўнгги ўринда қолди.
Бу гуруҳда учинчи тур баҳслари 28 июнь куни бўлиб ўтади. Унда Англия — Панама, Гана — Хорватия ўзаро куч синашади.

Ўзбекистон футбол ихлосмандлари учун аҳамиятли бўлган “K” гуруҳида Колумбия ва Конго Демократик Республикаси термалари ўзаро тўқнаш келди. Мексиканинг Эстадио Акрон стадионида ўтказилган беллашувда колумбияликлар 76-дақиқада Даниэль Муньос томонидан киритилган ягона гол эвазига ғалаба қозонди.
Шу тариқа, Колумбия очколар сонини 6 тага етказиб, гуруҳ пешқадамлигини сақлаб қолди ва плей-офф босқичига йўл олди. Португалия 4 очко билан иккинчи, Конго Демократик Республикаси 1 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Ўзбекистон терма жамоаси эса ҳали очко қўлга киритмаган.
Энди 28 июнь куни ушбу гуруҳда сўнгги тур учрашувлари бўлиб ўтади. Унда Колумбия — Португалия, Ўзбекистон — Конго Демократик Республикаси терма жамоалари майдонга тушади. Сўнгги турдаги натижалар плей-офф йўлланмалари тақдирини ҳал қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА