Мундиал: Ўзбекистон плей-оффга чиқиш учун ҳал қилувчи баҳсда
XXIII Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи учрашувлари ўтказилмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам плей-оффга чиқиш илинжида учинчи турда майдонга тушади. Хўш, бугунги ўйинлар кимларни кейинги босқичга олиб чиқади?
Футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг учинчи тур учрашувлари давом этади. АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказилаётган мазкур баҳслар мамлакатимиз вақти билан 28 июнь тонгига тўғри келади. «J», «K» ва «L» гуруҳларида плей-офф йўлланмалари эгалари аниқланади.
Дастлаб, «L» гуруҳида Панама Англия билан, Хорватия эса Ганага қарши майдонга тушади. Ҳар икки учрашув Тошкент вақти билан соат 02:00 да бошланади. Айни пайтда Англия ва Гана 4 очкодан тўплаб, гуруҳ пешқадамлари бўлиб турибди. Хорватия ҳисобида 3 очко мавжуд, Панама эса ҳали очко жамғармаган.
Ушбу гуруҳда Англияни плей-оффга чиқиш учун дуранг натижа ҳам қониқтиради. Хорватия — Гана учрашуви ғолиби эса кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритади. Шу боис мазкур баҳс турнинг энг муросасиз ўйинларидан бири бўлиши кутилмоқда.
«K» гуруҳидаги ҳал қилувчи учрашувлар соат 04:30 да старт олади. Унда Колумбия Португалия билан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса Конго Демократик Республикасига қарши баҳс олиб боради.

Миллий терма жамоамиз учун мазкур учрашув ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўзбекистон плей-офф йўлланмаси учун курашни давом эттириш мақсадида Конго Демократик Республикаси устидан имкони қадар йирик ҳисобда ғалаба қозониши ва бошқа учрашув натижаси ҳам ўз фойдасига шаклланишини кутишига тўғри келади.
Ўзбекистон ҳамда Конго ДР терма жамоалари ўртасидаги учрашувни германиялик тажрибали FIFA ҳаками Феликс Сваер бошқариб боради. Қанотларда унга ҳамюртлари Роберт Кемптер ва Кристиан Диц ёрдам беради.
Шунингдек, учрашувнинг тўртинчи ва бешинчи расмий ҳакамлари сифатида испаниялик мутахассислар — Алехандро Эрнандес ҳамда Диэго Санчес фаолият олиб бориши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Конго ДР миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашув Атлантадаги “Атланта” стадионида бўлиб ўтади.
Колумбия — Португалия баҳсида эса ҳар икки жамоани дуранг натижа қониқтиради. Бироқ, Колумбия йирик ҳисобда ғалаба қозонса ва Конго Демократик Республикаси Ўзбекистон устидан ишончли зафар қучса, Португалия гуруҳда учинчи ўринга тушиб қолиши мумкин.
Куннинг сўнгги баҳслари «J» гуруҳида ўтказилади. Унда Жазоир Австрия билан, Иордания эса амалдаги Жаҳон чемпиони Аргентина билан куч синашади. Бу учрашувлар Тошкент вақти билан соат 07:00 да бошланади.

Мазкур гуруҳда асосий эътибор Жазоир — Австрия баҳсига қаратилади. Зеро, ҳар икки жамоа ҳисобида 3 тадан очко бор ва ғолиб жамоа плей-офф йўлланмасини қўлга киритади. Бу ўйинни ҳамюртимиз Илгиз Танташев бошқариб боради. Унга қанотларда Андрей Сапенко ва Тимур Гайнуллин ёрдам беради.
Аргентина эса илк икки турдан сўнг 6 очко жамғариб, кейинги босқич масаласини ҳал қилган. Иордания учун эса мазкур баҳс Жаҳон чемпионатидаги сўнгги учрашув бўлади
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА