
Маданий мерос агентлиги KOICA билан 8,49 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳани имзолади. Агентлик директори Баҳодир Абдикаримов ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ваколатхонаси директори Шин Мюнг Сеоп иштирокида лойиҳани имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур умумий қиймати 8,49 миллион АҚШ доллари бўлган “Ўзбекистонда маданий меросни рақамли интеграциялашган бошқаруви ва ундан фойдаланиш” номли лойиҳа 2025-2028-йиллар оралиғида Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Корея Республикаси экспертлар гуруҳи ҳамда KOICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилади.

Ушбу лойиҳа орқали маданий меросни бошқариш бўйича ўрта ва узоқ муддатли мастер-режа яратиш, маданий мерос объектларининг рақамли маълумотлар базасини жорий этиш, объектларни бошқариш учун платформа яратиш, мутахассислар малакасини ошириш, ускуналарни харид қилиш ва маданий мерос бўйича рақамли сайёҳлик мазмунига эга маълумотларни яратиш режалаштирилган.
Икки томонлама имзоланган шартнома келгусида мамлакатлар ўртасидаги яқин дўстлик ва шерикчилик алоқаларини янада мустаҳкамлашга ёрдам бериши таъкидланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА