Жанубий Корея Халқаро Ҳамкорлик Агентлиги (KOICA) ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ўртасида “Онлайн таълим тизимини ривожлантириш ва Кибер университет ташкил этиш учун муҳит яратиш лойиҳаси” бўйича Муҳокамалар баённомаси имзоланди.
Мазкур маросимда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев, Жанубий Корея делегацияси томонидан KOICA вице-президенти Хонг Сок Хва, шунингдек, агентликнинг Ўзбекистондаги раҳбари Шин Мён Соп ҳамда бошқа юқори мартабали вакиллар иштирок этди.
Янги лойиҳа юртимизда олий таълим соҳасининг рақамли инфратузилмасини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, ЖИДУда тўлиқ электрон таълим тизимини яратишни назарда тутади.
Умумий қиймати 6,9 миллион АҚШ долларни ташкил этувчи келишув доирасида электрон таълим бўйича бош режани ишлаб чиқиш, академик ва операцион меъёрий ҳужжатларни шакллантириш, учта йўналиш бўйича таълим контентини яратиш, профессор-ўқитувчиларни тайёрлаш, IT-платформаларни ишлаб чиқиш, зарур техник жиҳозлар билан таъминлаш ва рақамли таълим инфратузилмасини янгилаш кўзда тутилган.
Қолаверса, бу Жанубий Кореянинг Марказий Осиё учун мўлжалланган “К-Ипак йўли” ташаббуси йўналишининг ақлли таълим ва барқарор тараққиётни илгари суришга қаратилган кенг қамровли стратегиясининг бир қисмидир.
Шубҳасиз, бундай ҳамкорлик лойиҳалари мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантириб, икки томоннинг замонавий ва сифатли таълим тизимини яратишга бўлган қатъий интилишини янада мустаҳкамлайди.
Мусулмон Зиё, ЎзА