Ўзбекистон тарихи давлат музейига JICAнинг гранд лойиҳаси ускуналари топширилди
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги “Буюк Ипак йўли маданий меросини рақамли архивлар орқали сақлаш” лойиҳаси доирасида ускуналарни топширишга бағишланган тадбир ўтказди.
Ўзбекистон Фанлар академияси ахборот хизмати маълумотига кўра, лойиҳанинг мақсади — Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва Термиз археология музейини маданий ва археологик аҳамиятга эга коллекцияларни архивлаштириш учун зарур ускуналар билан таъминлаш орқали Ўзбекистоннинг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва сақлаш борасидаги салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат.

Лойиҳа Ўзбекистонда маданиятни ривожлантириш ва ҳудудларни фаоллаштиришга хизмат қилади. Ўзбекистон тарихи давлат музейи мамлакатдаги етакчи музейлардан бири бўлиб, унда қарийб 340 мингта экспонат сақланади. Улар орасида буддавийлик тарихи билан боғлиқ археологик ёдгорликлардан топилган ашёлар ҳам мавжуд. Музей экспозициясидан тош давридан бошлаб Марказий Осиё цивилизациясини акс эттирувчи археологик, тарихий ва этнографик материаллар ўрин олган.

Лойиҳа доирасида компьютер ускуналари, сканерлар, фотоаппаратлар ва тақдимот ускуналари етказиб берилган, шунингдек, маслаҳат хизматлари кўрсатилган.

Мазкур лойиҳа натижасида маданий ва тарихий меросни рақамлаштириш орқали унинг узоқ муддат сақланиши таъминланади. Рақамлаштирилган материалларни веб-сайтга жойлаштириш орқали маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчиларнинг улардан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди.
Н.Усмонова, ЎзА