Китобингизни ўқидим
“Адиблар”, “Китоб ўқиш одоби”, “Қўлёзмадан китобга-ча” нашрлари муаллифи Даврон Улуғмуроднинг “Кунботишдаги уй” китобини қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Бу нашрдан бир қисса, шунингдек, ҳикоя, пьеса, эссе ва таржималар ўрин олган. Китобга таниқли адабиётшунос, филология фанлари доктори, профессор Узоқ Жўрақулов “Самимият сирлари” сарлавҳали сўзбоши ёзган.
Ёзувчи китобини аммаси Қизларжон Улуғмурод қизи, отаси Жумабой Улуғмурод ўғли ҳамда онаси Норой Бердимурод қизи хотираларига бағишлаган. Бу бежиз эмас.
Тўпламнинг бошланишидаги “Онам ташлаб кетган кун” деб номланган хотираларини кўзда ёш билан ўқидим. Онасидан айрилганидан кейин уни қаттиқ қўмсаётган ўғилнинг юрак дардлари изҳор этилган. Ёзувчи онасининг жанозаси маҳали “Аллоҳу акбар” айтилган пайтда оппоқ капалак олд сафни чарх айланиб, кўздан ғойиб бўлгани ҳақида: “Шу капалак ҳам онажонимни сўнгги йўлга кузатгани келгандек эди гўё”, – деб ёзади.
Капалак мисолидаги бундай воқеага онамдан айрилган куним камина ҳам дуч келганим эсимга тушди ва кўзларимда соғинч кўз ёшлари шашқатор бўлди.
“Мен – ғофил ўғил” сарлавҳали хотирасида онасининг руҳига Қуръон тиловат қилишни бир оз камайтиргани ва эрталаб бомдод намозини ўқишга киришган пайтида яна ўша оппоқ капалак учиб келиб, чарх айланиб, кўздан ғойиб бўлгани қаламга олгани кишига таъсир этади. “Бу капалак менга онамни эслатгани келгандек эди”, – деб ёзган.
Ҳар қандай банда учун онадан айрилиш – оғир. Бу ғамни енгиш осон эмас. Ана шундай пайтда инсон онани ҳар томондан излай бошлайди. Оппоқ капалак асар қаҳрамони қалбига далда бергандай бўлади.
Ота-она ўтгандан кейин ҳам фарзанднинг улар олдидаги бурчлари бўлар экан. Шулардан бири дуо орқали улар руҳини шод этиш. Ёзувчи буни ўз ўқувчиларига уқтирган бўлади.
“Мен – ғофил ўғил” хотирасида қаҳрамон онаси томонидан “Қўзижон” номи билан тилга олинади. У онасини йўқотганини тасвирлаш орқали фарзандлик қарздорлиги, пушаймонлигини англайсиз.
Қўзижон ижарада яшаб юрган кезларида онаси Тошкентга келади. Она-ўғил метрога тушишади. Қаршида ўтирган ёши каттароқ икки киши ўзаро пичирлашиб, бир ўғил, бир онага қарашади. Муаллиф:“Онам: йўлда анави икки одам сен ҳақингда пичир-пичир гаплашишди, нима дейишди, билмадим”, - деди. Аслида онам уларнинг нима деганини аниқ эшитмаса ҳам, жуда яхши тушунган эди. Мени аяб яна болам хижолат бўлиб қолмасин, деб, у ёғига ўтмади – деб ёзади (Б.11). Ана шу жойда ёзувчи ҳамма оналарга хос фазилат – фарзандини аяшни дард ила қаламга олган.
Қўзижон ҳам ҳаммасини тушунади, албатта. Эртасига бозорга бориб, онасига нималардир олиб беради. Қишлоқдошларига ўғлининг бу ҳимматини мақтаб ўтган шу она энди йўқлигини ўқиган китобхон муаллифнинг ички изтиробларига шерик бўлиши тайин.
Инсон ёши ўтгани сайин болалигини соғиниб яшайверади. Тўпламдаги ягона қисса – “Кунботишдаги уй” билан танишсангиз, бунга яна бир бор амин бўласиз. Қўзижон тимсоли (образи) бу қиссага ҳам бош қаҳрамон бўлиб ўтади. Ўқувчи сезиб турадики, бунинг прототипи – муаллифнинг ўзи. Демак, асардаги ота, она, амма ҳам – муаллифнинг отаси, онаси, аммаси. Демак, воқеалар аксарияти – воқеий. Шунинг учун асарни бемалол “автобиографик қисса” деб ҳисоблаш мумкин.
Қисса алоҳида-алоҳида сарлавҳалар билан ажратилган фаслларга бўлинган. Бу эса ўқишни осонлаштиради. Сарлавҳалар адиб ғоясини етказишга кўмак беради. Қисса равон, содда ва самимий ёзилган. Шунинг учун ҳам воқеаларни англаб, мағзини чақиб олиш қийинчилик туғдирмайди. Унда китобхон ўзини гўё болаликнинг шўх, қувноқ кўчаларига кириб қолгандек, баъзан эса ёзувчининг хотирасига муҳрланган воқеаларга шерик бўлгандек ҳис этади.
Бу асарда машҳур болалар адиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев ижодига хос жиҳатларни кўрамиз. Кейин билсам, у киши Даврон Улуғмуроднинг бевосита устози бўлган экан.
Қисса ўқувчини эзгуликка бошлайди. Бугунги маънавий таҳдидларнинг бой қадриятларимизга салбий таъсири туфайли ота-она ва фарзандлар, ака-ука, опа-сингил, қариндош-уруғ ўртасидаги меҳр-оқибат камайиб бораётган глобаллашув замонида бу асарнинг ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилиши айни муддао бўлган.
Асарда ота-она, амаки, амма, ака, опа, ука, почча, қўшни, устоз ва бошқалар ҳақидаги хотираларнинг бари китобхонни кунботишдаги уй томон олиб боради. Бу йўл эзгулик ва турли қарама-қаршиликларнинг ўзаро кураши орқали кечади. Умумий ҳисобда охир-оқибат эзгулик ғолиб келаверади.
Ҳаёт – сир-синоатга бой. Асардаги “ажинатом” деган уй билан боғлиқ тасвирлар ҳам шундай ажойиботу ғаройиботлардан ҳисобланади. Бу уй ёнидан ўтаётганда кичиклар тугул, катталар ҳам қўрқишган. Бир гал болалар ажинатом олдида ўйинга берилиб, шом тушганини ҳам эсдан чиқаришади. Шунда ажинатомдан қизил, сариқ, яшил куррачалар чиқиб келишади. Ҳолбуки, ҳаётда бундай рангдаги хўтиклар асло учрамайди.
Ёзувчининг бу тасвирлари Навоий вилоятининг Кармана туманидаги “Уч тут” зиёратгоҳида гувоҳи бўлганим бир воқеани эсимга туширди. Республика Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилояти бўлими собиқ раҳбари раҳматли Фурқат Йўлдошев бошчилигида тарғибот гуруҳи аъзолари билан қадимги уч тутни кўришга бордик. Кутилмаганда тутлардан бирининг катта бир шохи синиб, нақд ёнимизга тушди. Хайрият, ҳеч ким зиён кўрмади. Не кўз билан кўрайликки, синган тана атрофида тўқ жигарранг, қора, осмонранг, оқ, сариқ рангдаги улоқчалар пайдо бўлди. Осмондан тушдими, ердан чиқдими – ҳеч ким билмайди. Ҳаётда ҳеч биримиз бунақа рангдаги эчки болаларини кўрмаганмиз. Энг қизиғи, улар бир пасда йўқолиб ҳам қолишди. Қаёққа ғойиб бўлишганини ҳам ҳеч биримиз англаб ололмадик. Ҳамма ичида калима қайтаришга тушди, албатта. Кейин дуойи фотиҳа қилиб, зиёратдан қайтдик.
Ёзувчининг хотирасида муҳрланиб қолган “Ажинатом”дан таъсирланиб, менга ўхшаб сир-синоатга бой масканларимиз билан боғлиқ яна қанча воқеаларини қаламга оладиганлар топилиб қолиши аниқ.
Қиссанинг“Мени мактабга олишмагани” фаслида тасвирланишича, Қўзижоннинг мактабга интилишлари, Соатмурод муаллим томонидан синфхонага қўйилмай эшикдан қайтарилиши аввалига ўқувчини ҳайрон қолдириши аниқ. Лекин кейинчалик воқеалар ривожида масала ойдинлашади-қолади.
Қўзижоннинг Қизларжон деган аммаси бор. У Мавлуда деган қизидан жудо бўлганидан кейин Худо бошқа фарзанд бермайди. Отаси Қўзижонни аммасиникида яшаб, ўқишига кўниши учун Соатмурод муаллим билан келишиб, уни мактабга қабул қилмаслигини тайинлаган экан.
Мактаб можаросининг замирида боласизликдан ҳаётидан ҳаловат тополмаётган аммасига Қўзижонни ўғил қилиб бериш сири бор эди. Бунда нураб бораётган оилани сақлаб қолиш, эру хотинни тушкунликдан чиқариш, чалғитиш учун оқилона иш эди. Шунинг билан бирга ҳали кўп нарсага ақли етмайдиган, ёш болани шунчаки аммасиникига бериб юбориш боланинг руҳиятига салбий таъсир қилишини билгани учун оқилона ечим эди.
Қўзижон аммасининг қишлоғидаги мактабга боришини эшитиб, чеҳраси ёришиб кетади. Ёзувчи опа-ука ўртасидаги меҳр-муҳаббат, инсонийлик, оқибат фазилатларининг ана шундай бадиий ифодасини қаламга олган.
Қиссанинг “Кунботишдаги уй” деб номланиши орқали китобхон ёшгина боланинг ота-она бағрини тарк этиши, кун ботар томонда жойлашган уйини, ота-онаси, ака-укалари соғинчи изтиробларини англайди ва унга шерик бўлади.
Қиссанинг “Аммамларникида” фаслида қаҳрамон ўз уйида, яъни ота-онаси бағрида шодон юрган кезлари, эркин, яйраб ўйнашларини эслаб, ўкинади. Ўзига ўзи: “Ота-онам мени асараб олишганмикан? Ўгаймикинман?” – деган саволлар беради ҳам.
“Ажрашиш” фаслида ёзувчи шом тасвири орқали уй соғинчини таъсирчан тасвирлайди. Қўйхонанинг баланд деворига чиқиб олиб, уйи томон ўкинч билан боққан болакайнинг жанжал бўлаётганган уйга киргиси йўқ.
Қуёшнинг ботишга кўз тиккан болакайнинг кўзларидан ёш шашқатор оқади. Адашмасам, бу кўпларга хос туйғу бўлса керак. Болалигимда кун ботаётган маҳали менинг ҳамкайфиятимда тушкунлик, ғамгинлик бошланар эди.
Қоронғу тушгач, уйга кирса, амма жиянига: “Отангларникига борамиз”, – дейди. Болакай аввалига: “Уйимга кетгим келаётганини аммам қандай билдилар экан?” – дея ўйланиб қолади. Лекин ота уйига бориш қувончи бу ўйнинг жавобидан устунлик қилади. Уйига бориш олдидан қанд-қурс солиб, тайёрланадиган амма бугун Мавлуда қизининг деворда осиғлиқ сурати ва ҳали яп-янги пальтосини тугиши – таъсирли бир ифода. Чунки у бу гал эрининг уйидан бутунлай кетаётганини болакай кейин англайди.
Қиссанинг“Ажралиш” фаслида аммасига фарзанд қилиб берилган болакайнинг унинг дардига шерик бўлиб, изтиробларда қолгани, ички дунёсида кечган туйғулари зўр бадиий бўёқлар билаан қаламга олинган. Эҳтимол, аммасининг аламли ҳасрату ғамлари хотирасига бир умрга муҳрлангани учун ҳам бугун шу асар яралгандир. Чунки юрагида чинакам бир дарди бўлмаса, киши ҳақиқий ижодкорга айлана олмайди.
Қиссанинг “Мен ишчиман – гўнг ташувчи”, “Тушлик”, “Хат”, “Костюм-шим киймоқчи бўлганим”, “Қайтиш”, “Кўникиш” фаслларида отасининг айбсиз ҳолда мушкул аҳволга тушиб қолгани туфайли бир бутун оиланинг қийинчиларга учрагани реал ҳаётий воқеалар тасвирланган.
Ёзувчи кўп-кўп янги ва бугунги кунда унутилаётган сўзларни қўллайди-ки, бу ёзувчининг адабий тил бойликларини кўрсатиш йўлидаги ютуғи деб ўйлайман. Асарда ҳатто менга – бир адабиётшунос олимга ўзим учун нотаниш бўлган “урак”, “вардиш”, “қонжалоқ”, “совоқ” ва яна бир қанча сўзлар маъносини билиб олдим.
“Қоракўз” ҳикоясининг бош қаҳрамони – чумоли. Гап шундаки, бир фарзандсиз оиланинг Бахт исмли асранди қизи бор. Лекин қиз асрандилигини билмайди. Бир куни мактабда болалар уни камситиб, шуни юзига солишади. Шундан фожиа бошланади. Қизча ҳар куни мактабдан қайтаётганида муюлишда сочлари ўзиникидек тилларанг, кўзлари чиройли, аммо маъюс боқадиган аёл кутиб туришининг сирини ҳам билгандек бўлади.
Қизча дардларини шу уйдаги чумолига айтади. Унга ўзича “Қоракўз” деб лақаб қўйиб олган. Ёзувчи она чумоли мисолида муаллиф ҳаётий кузатишларини қоғозга туширади. Чумоли – беозор ҳашорат. У ризқини уй эгаларига зиён келтирмайдиган йўл билан теради. Қоп-қоп дон-дун келтирилганда ҳам, қопдан ерга тушган ва ковакларда тўкилган донларнигина йиғиб, қиш ғамини ейди. Воқеалар бошдан-охир ана шу чумоли тилидан баён этилади.
Ёзувчи чумоли тимсолида инсонларни ҳалол ризқ топиб яшашга ундайди, десам, хато бўлмас.
Бир куни эрта саҳарда чумоли ҳовлидаги ғала-ғовуру йиғи-сиғидан уйғониб кетади. Бу ёғини асарнинг ўзидан ўқийлик: “Одатда сокин бўладиган ҳовлида одам гавжум. Айвоннинг бир тарафида бошига оқ ўраган аёллар, пастроқда тўн кийиб, белбоғ боғлаган дўппили таниш-нотаниш кишилар. Дарвозадан икки-уч нафар одамнинг қораси кўриниши билан тўпланганлар уввос солиб, йиғлашни бошлашади. Кимдир чинакам куюниб, кимдир ёлғондакам дод солади. Хонадон эгаларининг эса йиғлашга ҳам ҳоли йўқ. Иккалови бир-бирига суянганча ёнма-ён қўйилган икки стулда мунғайибгина ўтиришибди. Мен ҳам эсанкираб қолдим. Бахтнинг гапларини эсладим, бир фалокат бўлганга ўхшайди. Юрагим ортга тортиб кетди. Умид билан у ёнга югурдим, бу ёнга югурдим. Лекин Бахтни ҳеч қаердан тополмадим. Шу пайт дарвозадан сариқ соч лари ёйилган, мовий кўзли аёл фарёд солиб кириб кела бошлади. “Вой болажоним, нималар қилиб қўйдинг-а. Жон болам-а”. Бу овозга ҳовлида тўпланган ёшу қари, эркагу аёл қўшилди. “Жон болама-а, вой болам-м-м. У-в-в-в-в...” (Б. 55-56).
Шу ерга келганда ўқувчи юраги ҳаприқиб, “наҳотки шундай бўлса” дея ҳаяжонланиб кетади (Менда шу ҳолат бўлди). Лекин... бу Қоракўзнинг туши экан. Беихтиёр:“Хайрият!..” – деб юборасан, киши.
Энг муҳими, Даврон Улуғмурод асарларининг қаҳрамонлари қишлоқ одамлари, воқеалардаги табиийлик ва ифодадаги самимийлик ҳам – шундан. Оддий одамлар орасида вояга етгани ва беғубор муҳит муаллифни қўлига қалам тутишга ундаган бўлса, ажаб эмас.
Соддалик, очиқлик, самимийлик, беғуборликни соғинган барча китобхонларга ушбу китобни ўқишни тавсия қиламан ва ёзувчидан янги-янги асарлар кутиб қоламиз.
Зиёда ҒАФФОРОВА,
Тошкент амалий фанлар университети доценти,
“Шуҳрат” медали соҳибаси.