Тошкент халқаро математика олимпиадаси ғолиблари аниқланди
Тошкент халқаро математика олимпиадасининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Халқаро Нордик университети, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда ЮНИСЕФ ҳамкорлигида ташкил этилган олимпиадада мамлакатимизнинг 14 та ҳудудидан саралаб олинган 150 нафарга яқин ҳамда АҚШ, Германия, Буюк Британия, Россия, Қозоғистон, Покистон, Болгария, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон каби 50 дан ортиқ хорижий давлатдан келган математик ёшлар ўз билим ва интеллектуал салоҳиятини синовдан ўтказди.

Беллашув давомида халқаро дўстлик ва янги танишувлар, спорт, миллий ва жамоавий ўйинлар, ҳунармандчилик ва санъат бўйича мастер-класслар, "Заковат" форматидаги завқли ўйинлар ҳамда варраклар сайли ташкил этилди.
Саралаш босқичида ўзининг юксак иқтидори ва билимини намойиш этган ўзбекистонлик ўқувчилардан Муҳаммадали Равшанов, Қодирбек Тўлаганов, Улуғбек Насриддинов, Темурбек Зокиров, Улуғбек Иброҳимов, Сирожиддин Неъматов, Достонбек Раҳмонқулов, Элшод Ўралов, Элбек Зоҳиджонов олтин медалларни қўлга киритди.

Тадбирда қайд этилганидек, дастурда ёшларни халқаро олимпиадаларга тайёрлаш, иқтидорли ўқувчиларни эрта аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизимни шакллантириш, уларда нафақат математик билим, балки таҳлилий фикрлаш, стратегик қарор қабул қилиш, тезкор мушоҳада юритиш каби муҳим жиҳатларга алоҳида аҳамият қаратилди.

Иштирокчиларга ижтимоий ва шахсий ривожланиши учун ҳам муҳит яратилди. Унинг доирасида мисоллар таҳлили, апелляция жараёнлари, интеллектуал мулоқотлар ва интерактив машғулотлар ўтказилди.
Ушбу олимпиада ёшларга илм-фан орқали катта орзулар сари интилиш, дунёдаги ўз тенгқурлари билан рақобат қилиш имкониятини тақдим этди.
Гулноза Бобоева, ЎзА