Ноорганик кимё соҳасидаги илмий ютуқлар ва амалий ечимлар муҳокама қилинди
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институтида “Ноорганик кимё ва кимёвий технологиянинг республика тараққиётидаги ўрни ва истиқболлари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Нуфузли илмий форум Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, кимё фанлари доктори, профессор Бахтиёр Зокиров таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ташкил этилди. Анжуман мамлакатимиз кимё илми ривожига муносиб ҳисса қўшган олимнинг бой илмий мероси, замонавий кимёвий технологиялар ҳамда илм-фан ва саноат интеграциясининг долзарб йўналишларига бағишланди.
Тадбирда мамлакатимиз етакчи олимлари, академиклар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, таянч докторантлар, ёш олимлар, шунингдек Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган хорижий мутахассислар иштирок этди. Шу билан бирга, кимё саноати тармоғи вакиллари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари мутасаддилари иштирокида илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-29583]
Анжуманнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар профессор Бахтиёр Зокировнинг мамлакатимиз илм-фани тараққиётидаги кўп йиллик самарали фаолияти, ноорганик кимё ва минерал ўғитлар кимёси соҳасидаги фундаментал тадқиқотлари ҳамда юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашдаги хизматларини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, олим 1946 йилда Тошкент вилоятининг Бўка туманида таваллуд топган. 1970 йилда Тошкент давлат университетини, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини муваффақиятли тамомлаб, бутун меҳнат фаолиятини илм-фан тараққиётига бағишлади. Қисқа вақт ичида республикадаги етакчи кимёгар олимлардан бири сифатида танилди.
Профессор Зокировнинг илмий изланишлари асосан минерал ўғитлар кимёси, мураккаб кимёвий тизимлар термодинамикаси, ноорганик моддалар технологияси ва агрокимёвий жараёнларни ўрганишга қаратилган. Олим таркибида амидлар мавжуд бўлган ўғитларнинг юқори агрокимёвий хусусиятларини чуқур илмий асослаб бериб, минерал ўғитлар кимёсида янги илмий йўналиш шаклланишига замин яратгани таъкидланди.
Маълум қилинишича, олим раҳбарлигида 110 дан ортиқ кимёвий тизимлар изотермик ва политермик шароитларда тадқиқ қилинган, 64 та янги кимёвий бирикманинг ҳосил бўлиш қонуниятлари аниқланган. Ушбу тадқиқотлар назарий аҳамияти билан бирга амалий самарадорлиги билан ҳам эътиборга молик.
Анжуманда сўзга чиққан мутахассислар олимнинг илмий ишланмалари асосида “Farg‘onaazot” АЖ, “Navoiyazot” АЖ ва “Samarqandkimyo” АЖда инновацион технологиялар жорий этилганини таъкидлади. Бу орқали юқори самарали стабиллашган минерал ўғитлар, дефолиантлар ва ресурс тежовчи кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Айниқса, қишлоқ хўжалигида кенг қўлланилаётган “Super XMD-s” дефолианти, “Hosil” ва “Madad” стимуляторлари, шунингдек “IONX” дезинфекцияловчи воситалари олимнинг амалий ишланмалари сифатида алоҳида тилга олинди.
Тадбир давомида профессор Бахтиёр Зокировнинг давлат ва жамоатчилик олдидаги хизматлари ҳам эътироф этилди. У 1998–2004 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти сифатида фаолият юритиб, мамлакат илм-фанини ривожлантириш, фундаментал ва амалий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш борасида катта ташкилий ишлар амалга оширгани қайд этилди.
Шунингдек, олимнинг бой илмий мероси 510 дан ортиқ илмий ишлар, 7 та монография ва 23 та патентни ўз ичига олиши, унинг раҳбарлигида кўплаб фан докторлари ва PhD кадрлари тайёрлангани алоҳида таъкидланди.
Анжуман доирасида ноорганик кимё, комплекс бирикмалар кимёси, силикат ва наноматериаллар технологияси, металлургия, нефть ва коллоид кимё, экологик ҳамда аграр тизимлардаги долзарб муаммоларга бағишланган маърузалар тингланди. Илмий муҳокамаларда замонавий кимёвий технологияларни ривожлантириш, экологик хавфсиз маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва илмий ишланмаларни саноатга кенг жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, мазкур халқаро анжуман мамлакатимиз кимё илмининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, ёш олимларни илм-фанга кенг жалб этиш ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Камола Юсупова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА